Эрдўған Украинадаги урушнинг тез орада тугашига ишонмаслигини айтди (видео)
Олам
−
23 Сентябрь 3393 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украинадаги уруш тез орада тугашига ишонмаслигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида “Fox News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Мен бунга унчалик ишонмайман”, дейди Эрдўған жанговар ҳаракатларни тугатиш истиқболлари ҳақидаги саволга жавобан.
Шу билан бирга, у Анқара Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда воситачилик ролидан воз кечмаслигини маълум қилган. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, у Россия Президенти Владимир Путин билан Аляскада АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтган музокараларни муҳокама қилган. Шунингдек, Истанбулда Россия-Украина музокараларини қайта тиклаш имконияти ҳам кўриб чиқилган ва Владимир Путин буни инкор этмаган.
Бундан ташқари, “Anadolu”нинг ёзишича, интервьюда Эрдўған Исроилни Ғазода “тўлиқ геноцид” содир этаётганликда айблаб, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни одам ўлдиришда бевосита жавобгар деб атаган.
“Буни бошқача тушунтириш мумкин эмас деб ўйлайман. Бу тўлиқ геноцид. Бу геноцидни Нетаньяху содир этмоқда. Нетаньяху, афсуски, ушбу геноцид орқали ўн минглаб одамларни шафқатсизларча ўлдирди”, дейди Эрдўған.
Можаронинг тугаш истиқболлари ҳақида гапирар экан, Эрдўған яна бир бор бунга шубҳа қилишини билдирган.
“Эҳтимол, сиз эсларсиз, (АҚШ Президенти Дональд Трамп) шундай деганди: “Мен Россия ва Украина урушини тугатаман”. У тугадими? У ҳануз давом этмоқда. Худди шундай у: “Мен Ғазодаги урушни тугатаман” деганди. У тугадими? Йўқ”, дейди Туркия Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йоркда БМТ доирасида ўтказилган “Фаластин масаласига ечим топиш ва икки давлатли ечимни амалга ошириш” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида Фаластин давлати тинчкликка эришиб, тўлақонли мустақил бўлмагунча, Туркия курашишда давом этишини айтгани ҳақида хабар берилган эди. Эрдўған ўз чиқишида Фаластин давлатини тан олган мамлакатларни табриклаб, бу қарор икки давлатли ечимни тезлаштиришини таъкидлаган.
Live
Барчаси