Эрдўған Украинадаги уруш сабаб БМТни “савалади”

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украинадаги воқеалар фонида замонавий инқироз ва урушларга қарши тура олмайдиган халқаро тузилмаларни яна бир бор қаттиқ қоралади.

“Халқаро тузилмалар, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муносабати фақат баёнотлар билан чекланмоқда. Бу уят!”, деган Эрдўған Анқарада “Адолат ва тараққиёт” ҳукмрон партияси фракцияси йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, вазифаси дунё хавфсизлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш бўлган халқаро тузилмалар бутун бошли халқларнинг фожиаларига бефарқ бўлиб қолмоқда. 

“Ўз манфаатларини кўзлаб шов-шув кўтараётганлар 11 йилдан бери Туркия жойлашган минтақада [Сурия] содир бўлаётган фожиали воқеаларга эътибор бермаяпти”, деган Эрдўған.

Туркия раҳбари Украинадаги воқеалар “икки хил стандартлар” сиёсатининг яна бир кўриниши бўлганини таъкидлади.

“Туркия Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги инқироз фожиага айланиб қолмаслиги учун қаттиқ ҳаракат қилди. Шу билан бирга, Анқаранинг давлатлар яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш курси ўзгаришсиз қолмоқда. Туркия Украинадаги жангларни тугатиш учун ҳаракат қилмоқда. Биз Украинада узоқ муддатли сулҳ бўлишини кутмоқдамиз. Анқара мутаносиб сиёсат юритиб, Москва ва Киев учун мулоқот каналларини очиқ қолдирмоқда”, деди Эрдўған.

Президент Украинадаги жанговар ҳаракатлар фонида қочқинлар сони 2 миллион кишига етганига эътибор қаратган. Туркия раҳбари қон тўкилиши давом этса, Украинани 5-10 миллион киши тарк этиши ҳақида огоҳлантирган.

“Бугун ҳарбий ҳаракатларнинг 14-куни. Украинада содир бўлаётган воқеалар виждон йўқлигини кўрсатмоқда. Украинадаги драмага қарамай, Ғарб давлатлари ҳеч қандай реал чора кўрмаяпти. Улар фақат маслаҳат беришяпти. Украина кўмаксиз қолди”, деди Эрдўған.

Эрдўған бу урушда ғолиб бўлмаслигини таъкидлади. 

“Масалани Украина ва Россия дипломатия йўли билан ҳал қилиши керак”, деган Туркия раҳбари.

Президент 10 март куни Анталияда бўлиб ўтиши режалаштирилган Туркия, Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирларининг уч томонлама учрашувини “фавқулодда аҳамиятга эга” деб атади.

У эртага Дмитрий Кулеба ва Сергей Лавров ўртасидаги учрашув узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш учун “эшикни очишига” умид билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

853

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг