Эрдўған Туркиянинг мақсадини маълум қилди 

Олам

image

Туркия ҳукумати томонидан иқтисодиётда ишлаб чиқилган воситалар мамлакатни ҳалокатли доирадан қутқариб қолди. Бу ҳақда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Анқаранинг мақсади дунёнинг иқтисоди кучли топ-10 давлат қаторига кириш.  

“Иқтисодиётда босиб ўтган йўлимиз ва ишлаб чиққан воситаларимиз ёрдамида биз мамлакатимизни ўтмишда тушиб қолган ҳалокатли доирадан сақлаб қолдик. Бизнинг йўл — инвестиция, бандлик, ишлаб чиқариш, экспорт ва ўсиш. Мақсадимиз дунёнинг иқтисоди кучли топ-10 талигига кириш”, деган Туркия раҳбари Туркия Илмий ва технологик тадқиқот кенгаши ва Туркия Фанлар академияси илмий мукофотларини топшириш маросимида.

Туркия молия тизими ўтган йил давомида лиранинг қадрсизланиши туфайли оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Турк лираси Марказий банк ҳисоб ставкасини кетма-кет бир неча марта пасайтирганидан сўнг кескин қадрсизланди: январь ойида бир доллар 7,4 лира бўлган бўлса, 20 декабрга келиб, доллар курси рекорд даражадаги 18,4 лирага етди. Эрдўғаннинг валюта курсининг ўзгарувчанлигига қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар тўғрисидаги баёнотларидан сўнг, турк валютасининг пасайиши сезиларли ўсиш билан алмаштирилди, натижада лира сўнгги ҳафталардаги йўқотишларни қоплади. 

Туркия Президенти 2019 йил июлидан буён Марказий банк раҳбарини уч марта, 2021 йил ноябридан буён молия вазирини икки марта алмаштирган. Бу орада Туркиянинг асосий мухолиф партиялари етакчилари Эрдўғанни иқтисодий қобилиятсизликда айблаб, муддатидан олдин сайловлар ўтказишга ҳам чақирди. Туркия раҳбари бу чақириқни рад этиб, мамлакатда президентлик ва парламент сайловлари режалаштирилганидек 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрдўған

Баҳолаганлар

281

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг