Эрдўған Туркия Конституциясини янгиламоқчи
Олам
−
02 Февраль 2021
5674Туркия Республикаси ўзининг конституциясини янгилаши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида айтиб ўтди.
“Эҳтимол, Туркияда яна янги конституцияни муҳокама қилиш вақти келди. Агар биз Халқ альянсидаги ҳамкорларимиз билан бир тўхтамга келсак, яқин вақтларда янги конституция бўйича чораларни кўришимиз мумкин бўлади”, деган Эрдўған.
Президент Эрдўған янги конституция устида иш шаффоф тарзда олиб борилиши ва якуний матнни халқ маъқуллаши учун топширилиши кераклигини таъкидлади.
“Ҳужжатнинг якуний матни миллатнинг ихтиёрига кўра тақдим этилиши керак”, деган Туркия раҳбари.
Пандемия фонида Туркиядаги иқтисодий вазиятни шарҳлар экан, Президент Эрдўған сўнгги халқаро тадқиқотлар натижаларига кўра G20 давлатлари орасида фақат Туркия ва Хитой 2020 йилни ижобий ўсиш билан якунлаши мумкинлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда мамлакат жамоатчилигига ҳукумат томонидан тайёрланган иқтисодий ислоҳотлар пакетларининг “фалсафаси, мақсадлари ва вазифалари” тақдим этилади.
Маълумот учун, Туркиянинг амалдаги Конституцияси 1982 йил 7 ноябрда қабул қилинган. Бу мамлакат тарихидаги бешинчи Конституция ҳисобланади.
LiveБарчаси