Эрдўған Туркия Финляндиянинг НАТОга аъзолик аризасини маъқуллаши мумкинлигига ишора қилди
Олам
−
15 Март 2023
3706Бугун, 15 март куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш истагини тез орада маъқуллаши мумкинлигига ишора қилди. У бу ҳақда парламентдаги чиқишидан сўнг журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтган.
Эрдўған “Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлиш истаги ҳақидаги қонун лойиҳаси бир ҳафта ичида парламент муҳокамасига келадими ва у тасдиқланадими?” деган саволга қуйидагича жавоб берган:
“Жума куни (17 март) Финляндия Президенти келади, биз у билан учрашамиз ва ваъда қилганимизни бажарамиз. Умид қиламанки, шундай бўлади”.
Финляндия Президенти Саули Ниинистё 16-17 март кунлари Туркияга амалий ташриф билан келади. Бу ҳақда Эрдўған маъмурияти маълум қилган. Мазкур ташриф Туркия раҳбарининг таклифига биноан амалга оширилади.
Мадриддаги НАТО саммити доирасида имзоланган уч томонлама меморандум шартларини мамлакат бажариши контекстида Хельсинкининг альянсга киришига асосий эътибор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО бош котиби Йенс Столтенбергга Финляндиянинг иттифоққа кириш эҳтимолини алоҳида кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилганди.
Маълумот учун, Финляндия ва Швеция 2022 йилнинг май ойида Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиш учун ариза берган, бироқ Туркия курд ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, шунингдек, 2016 йилда террорчилик ёки давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланган шахсларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнини блоклаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь