Эрдўған Трамп билан АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқишни муҳокама қилмоқчи
Олам
−
08 Ноябрь
2532Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришганидан сўнг Анқара Яқин Шарқ муаммоларини муҳокама қилишни давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Akit” хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия томони сайловлар ўтиши биланоқ Трамп билан алоқалар ўрнатишга киришган.
“Биз Дональд Трамп билан янги муддатда ҳам музокараларни давом эттирамиз ва аввал келишилган масалаларга мувофиқ Яқин Шарқдаги воқеаларни муҳокама қиламиз. Масалан, АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқиш ва террорчи Курдистон ишчи партиясини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш масаласини кўриб чиқамиз”, деди Туркия Президенти журналистларга.
Шунингдек, Эрдўған Анқара Вашингтон билан Исроилнинг ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатлари билан уруши масаласини ҳам муҳокама қилиш ниятида эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, Дональд Трамп инқирозни ҳал қилишга қодир.
“Умид қиламизки, Трампнинг иккинчи муддати давомида минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатилади”, деди Эрдўған.
Маълумот учун, 2014 йил АҚШ ИШИДга қарши курашиш учун Сурияга қўшин киритган. 2018 йил декабрида Ражаб Тойиб Эрдўған Дональд Трамп бутун контингентни икки ой ичида олиб чиқишга розилик билдирганини айтган. Ўшанда мамлакатда тахминан 2 минг америкалик ҳарбийлар бўлган. 2024 йил ҳолатига кўра, минтақада тахминан 900 ҳарбий қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШдаги президентлик сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонганидан сўнг, Туркия АҚШнинг Россияга қарши санкциялари туфайли республиканинг молиявий институтларига кўрсатаётган босимини келгуси даврда камайтиришини кутаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси