Туркия ҳеч қачон Сурия билан тарихий ва маданий боғлиқлигини йўқотмаган – Эрдўған
Олам
−
14 Декабрь
11929Туркия олдинлари Усмонли вилоятлари бўлган ҳозирги Сурия ҳудудлари билан тарихий ва маданий боғлиқлигини ва яқин алоқаларни сақлаб келмоқда. Бу ҳақда кеча, 13 декабрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг Сакарья шаҳрида ўтказилган йиғилишда сўз очди.
"Туркиянинг шундоққина яқинида жуда жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Аммо бу жараёнларни кузатмаяптилар. Гўё дунё қуласа, 3-Жаҳон уруши бошланса, ишонинг "Республика Халқ" партияси ва унинг раҳбариятига умуман қизиғи бўлмайди. Масалан, ушбу саволни ҳеч ўзларига бериб кўрмайдилар: Биринчи жаҳон уруши минтақамизда чегараларни қайтадан белгилаётганида шартлар бошқа ҳолатда бўлса эди, унда нима бўларди? Катта эҳтимол билан биз айтаётган Ҳалеб, Идлиб, Ҳама, Шом, Ракка шаҳарлари худди Газиантеп, Ҳатай, Урфа каби бизнинг вилоятларимиз бўларди. У ердаги яшаётган инсонларимиздан “бу шаҳарлар чегараларимиздан ташқарида қолди” деб умуман алоқаларимизни узиш ниятимиз йўқ эди. Аксинча, айниқса чегарамиз шаҳарларидаги фуқароларимиз билан чегара ташқарида қолган инсонлар охирги 100 йил давомида гуманитар, тижорий, қариндошлик алоқаларини давом эттирди", дейди Эрдўған.
У Туркия шаҳарлари билан чегара ортидаги шаҳарлар орасида узлуксиз автобус ва тўхтовсиз қатнов учун такси машиналар ҳар доим қатнагани, Сурияда 2011 йилда бошланган ва 13 йилдан ошиқ давом этган ички низолар бу қардошлик алоқаларини янада юқори савияга олиб чиққанини қўшимча қилди.
"Туркия Сурияда нима қиляпти" деганлар, энди кўрдингизми, нега борлигимизни? Роббим на бизни, на миллатимизни, на мазлум сурияликларни шарманда қилмади. 61 йиллик зулмдан сўнг Баас режими қулагач, Асад ўз нарсаларини йиғиб, қочишга мажбур бўлди", деди Президент Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған Суриянинг собиқ раҳбари Башар Асад режимини фашизм деб атаб, Туркияда яшаётган қочқинлар энди бемалол ва қўрқувсиз уйларига қайтиши мумкинлигини таъкидлаганди. Шунингдек, Эрдўған Сурияда кечаётган вазиятни кузатиб бораётгани, “сиёсий ақл” билан таҳлил қилаётгани, келажакда ҳам Сурия учун қўлидан келган ишни амалга оширишини билдирганди.