Эрдўған Столтенбергга Швеция ва Финляндия аъзолиги бўйича талабларини айтди

Олам 5439
image

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилиш учун Курдистон ишчи партиясини (PKK) қўллаб-қувватлашдан воз кечишини кўрсатиши керак. Бу ҳақда кеча, 3 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон орқали мулоқоти чоғида айтиб ўтди.

“Томонлар Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришини муҳокама қилишди. Президент Эрдўған, Туркиянинг Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги хавотирлари қонуний талабларга асосланганлигини айтди. Президент Эрдўған ҳар икки давлат ҳам терроризмни қўллаб-қувватлашдан воз кечганини, Туркияга нисбатан санкцияларни бекор қилганини ва иттифоқ билан бирдамлик кўрсатишга тайёр эканини очиқ кўрсатишлари кераклигини таъкидлади”, дея хабар берган Туркия Президенти девони.

Ўз навбатида Столтенберг “асосий иттифоқчи бўлган Туркиянинг умидлари оқланиши кераклигини” айтиб ўтган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилиши

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.

29 майга келиб Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва Финляндия делегациялари билан ушбу мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлиш масаласи бўйича музокаралар натижаларидан норози эканини билдирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.1
t
×