Эрдўған Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини табриклади
Жамият
−
22 Март 2021
3696Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакат халқига шарқона янги йил Наврўз байрами муносабати билан табрик йўллади.
“Илдизи узоқ асрларга бориб тақалувчи муштарак анъаналаримиздан бири бўлган, баҳор ва янги бошланиш суюнчисини келтирувчи, қардошлик, тинчлик, бирлик ва бирдамлик тимсоли бўлмиш Наврўз байрами муносабати билан Сиз Жаноби Олийларини ва дўст, қардош Ўзбекистон халқини турк халқи ва шахсан ўз номимдан чин дилдан муборакбод этаман.
Табиат уйғониши орқали қалбларда ўзаро англашувни, мулоқотни, ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи Наврўз байрами ҳар йили бўлгани каби жорий йилда ҳам Болқонлардан тортиб Ўрта Шарққача, Анадўлудан Марказий Осиёгача бўлган кенг маконда жўшқин равишда нишонланади”, деган Эрдўған.
Туркия Президенти COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ушбу мураккаб даврда Наврўз байрами нафақат икки мамлакат ва минтақага, балки бутун башариятга сиҳат-саломатлик, ҳаловат ва тинчлик олиб келишини тилаган.
“Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига соғлик, бахт ва муваффақият, дўст ва қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва омонлик тилаб қоламан”, дея сўзини якунлаган Ражаб Тойиб Эрдўған.