Эрдўған сентябрь бошида Путиннинг қошига келиши мумкин
Олам
−
28 Август 2023
5128Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 8 сентябрь куни Россияга ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда Туркия расмийларига таяниб, “Bloomberg” агентлиги хабар берди.
Нашрнинг сўзларига кўра, Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, дон шартномасини муҳокама қилишни режалаштирган. Агентлик маълумотларига кўра, Эрдўған Россияга ташрифидан сўнг Нью-Деҳлидаги катта йигирматалик (G20) саммитига боради.
“Bloomberg”га кўра, Туркия Президенти идораси бу маълумотга изоҳ бермаган.
Аввалроқ, Туркиядаги дипломатик манба ТАСС агентлигига Путин ва Эрдўған ўртасидаги учрашув Сочида режалаштирилгани, эҳтимолий сана сифатида 4 сентябрь белгилангани ҳақида маълум қилганди. Туркия матбуоти Эрдўған россиялик мавқедоши билан музокаралар чоғида дон битимини қайта тиклаш масаласини кўтариш ниятида эканлигини ёзмоқда. Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ икки давлат раҳбарларининг учрашуви яқин орада бўлиб ўтишини айтган, бироқ аниқ саналарни кўрсатмаган.