Эрдўған Россияга ишониш мумкинлигини айтди
Олам
−
19 Сентябрь 2023
6423Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина инқирози чўзилиб кетишига ишонади. Шунингдек, у Россия билан ҳамкорлик қилишини ва унга Ғарбдан кам ишонмаслигини билдирди. Бу ҳақда у 18 сентябрь куни Американинг PBS телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Менда уларга ишонмаслик учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Ғарб қанчалик ишончли бўлса, Россия ҳам шундай. Охирги 50 йил давомида биз Европа Иттифоқи остонасида турибмиз ва ҳозирда мен Россияга Ғарбдан кам ишонмайман”, дейди Эрдўған.
Унинг қайд этишича, Туркия ва Россия олдинга қўшма қадамлар ташламоқда, мудофаа саноати соҳасида ҳам ҳамкорлик қилмоқда.
“Буларнинг барчасини биз Россия билан бирга қила оламиз”, дейди Туркия раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Анқара ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россия Федерациясига нисбатан турли позицияларга эга.
“Россия менинг энг яқин қўшниларимдан бири. Ва бизнинг умумий тарихимиз бор”, дейди Эрдўған.
Унинг фикрича, Украинадаги можаро “узоқ давом этади”. Шу билан бирга, Туркия "имкон қадар тезроқ тугашига" умид қилади, дейди Президент. Эрдўған Москва бу можарони “эртароқ тугатиш” позициясига ҳақиқатан ҳам амал қилишини таъкидлади.