Эрдўған, Путин ва Руҳоний саммит ўтказиб, Сурия масаласини муҳокама қилдилар

Жамият 3156
image

Бугун, 1 июль куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний Остона шаҳрида Сурия бўйича олтинчи саммитни ўтказдилар. Саммит видеоконференсалоқа режимида ўтказилган. 

Давлат раҳбарлари мулоқоти 1,5 соат давом этган. 

Эрон Президенти саммит иштирокчиларига мурожаат қилиб, Суриядаги можарони ҳал қилишнинг ягона йўли музокаралар бўлиб, уруш вариант бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Руҳоний АҚШнинг минтақадаги ҳаракатларини қоралаб, АҚШ ҳарбийларининг Сурия ҳудудида бўлишини беқарорлик омили деб атади. 

"Вашингтоннинг Суриядаги ягона мақсади – бу мамлакатнинг табиий бойликлари", дея таъкидлади Эрон Президенти. 

Ўз навбатида Россия Президенти Владимир Путин Сурияда узоқ муддатли сулҳга ва терроризмга қарши курашишга чақирди. Путин Россия, Туркия ва Эрон Сурияда жуда кўп ишларни амалга оширганини таъкидлади.

“Сурияда зўравонлик даражаси кескин пасайтирилди, тинч ҳаёт аста-секин тикланмоқда, энг муҳими, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг 2254-сонли резолюцияси асосида барқарор сиёсий ва дипломатик ечим топиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Маълумки, ушбу ҳужжатда асосий принцип мавжуд – бу Суриянинг суверенитети, мустақиллиги,  бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги", деди Россия раҳбари. 

Путин Сурияда узоқ муддатли нормаллашиш муҳимлигини таъкидлади. 

Россия Федерацияси Президентининг фикрига кўра, Женевадаги Конституциявий Қўмита доирасида Сурия ичидаги инклюзив диалогни фаол равишда илгари суриш керак. 

Эрдўған эса Туркия Суриянинг яхлитлигини бузишга уринган террорчилар ва айирмачиларга қарши самарали чоралар кўраётганини таъкидлади.

"Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий бирлиги, шунингдек, бу мамлакатда сулҳ ва узоқ муддатли келишувни таъминлаш Туркиянинг устувор вазифалари бўлиб қолмоқда", дейди Эрдўған. 

Президент Туркия вазиятни барқарорлаштириш ва қўшни Сурияда хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлади. 

“Суриядаги можаронинг бошиданоқ Туркия Сурия халқининг ёнида эди ва уни қўллаб-қувватлади. Биз миллионлаб Сурия фуқароларига этник ва диний тафовутларсиз ўз чегараларимизни очдик”, дейди Эрдўған.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 79
Рейтинг: 2.9
t
×