Эрдўған Пашинян билан тарихий учрашув ўтказди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Бу ҳақда кеча, 20 июнь куни Туркия давлат раҳбарининг алоқа бўлими Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Арманистон парламенти спикери Ален Симонян воқеани тарихий воқеа деб атади ва бу “Арманистон раҳбарининг Туркияга бундай даражадаги биринчи ташрифи” эканини таъкидлади. Қайд этиш жоиз, 2023 йилда Пашинян аллақачон Туркияга ташриф буюрган – у Анқарага Эрдўғаннинг инаугурацияси учун келган.

Ереванга кўра, бу сафар Арманистон билан дипломатик алоқаси йўқ Туркия билан муносабатларни нормаллаштириш учун ҳам, Баку билан зиддиятни ҳал қилиш учун ҳам зарур бўлган.

“Пашинян Истанбулга Эрдўғаннинг таклифига биноан келди”, деб хабар беради AFP.

Долмабаҳче саройидаги учрашувда Туркия Президенти Исроил ва Эроннинг ўзаро ҳужумлари фонида Яқин Шарқдаги хавфларни камайтириш учун бошқа лидерлар билан алоқаларга ишора қилди. Маълумки, Эрон Туркия ва Арманистон билан чегарадош.

“Анқара нафақат Кавказда, балки бутун минтақада барқарорликни ўрнатиш учун барча дипломатик воситалардан фойдаланмоқда”, деди Туркия Президенти.

Эрдўған Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган консенсуснинг муҳимлигини таъкидлади. Истанбулдаги учрашув иштирокчилари Жанубий Кавказдаги тинчлик жараёни масаласига ҳам тўхталди.

“Истанбулда Президент Эрдўған билан атрофлича фикр алмашилди. Биз Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёни, минтақавий динамика ва барқарор мулоқотнинг аҳамиятини муҳокама қилдик. Арманистон минтақамизда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш тарафдори”, деб ёзди Никол Пашинян Х ижтимоий тармоғида.

Арманистон ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, томонлар, жумладан, Арманистон-Озарбайжон муносабатлари масаласини муҳокама қилган. Тоғли Қорабоғдаги вазият туфайли 1993 йилдан бери ўзаро муносабатлари таранг бўлиб келган Туркия ва Арманистон ҳали ҳам дипломатик муносабатларни тўлиқ тиклагани йўқ.

BBC телекомпанияси хабарига кўра, ҳозирги босқичда Пашинян ҳукумати Ереван ва Анқара ўртасидаги яқинлашувни Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик битими жараёнидан ажратиб, бу икки мавзуни ажратиб олмоқчи.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг