Эрдўған озар-арман можаросида бу сафар кимни қўллашини айтди

Олам

image

Арманистон Озарбайжон билан аввал тузилган келишувларни бажармаяпти. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 14 сентябрь куни Анқарада гапирган. 

"Арманистон келишувларни бажармаяпти. Ереван бу нотўғри йўлдан қайтиши керак. Туркия озарбайжонлик биродарларни қўллаб-қувватлаган ва қўллаб-қувватлашда давом этади. Арманистон келишувлар шартларига риоя қилмаяпти ва агрессив позицияни намойиш этмоқда. Албатта, бундай йўлнинг Арманистон томони учун оқибатлари муқаррар”, дейди у Анқарада қилган чиқишида. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Қорабоғда бошланган урушда ҳам Туркия ҳар жиҳатдан Озарбайжонни қўллаб-қувватлаган. Қўшма ҳарбий операциялар ва "Bayraktar" дронларининг берилиши сабаб уруш Баку фойдасига якун топганди. 

Кеча, 13 сентябрь куни Эрдўған Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, озар-арман чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди. Эрдўған Туркия доим қардош Озарбайжон билан бирга эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.

Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.

Расмий Бакуга кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган. Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 50 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Томонлар 13 сентябрь куни тонгда ўт очишни тўхтатиш режими тиклашга келишиб олди.

Арманистоннинг талаби билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилот бош котиби раҳбарлигидаги миссия воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганишига келишилди.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон-Арманистон

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг