Эрдўған Нетаньяхуни Гитлерга қиёслади
Олам
−
27 Декабрь 2023
7620Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Учинчи Рейх етакчиси Адольф Гитлерга қиёслади. Туркия раҳбарининг сўзлари бугун, 27 декабрь куни “TRT Haber” телеканали орқали эфирга узатилган.
Эрдўғаннинг яна урғулашича, Ғарб давлатлари Ғазодаги геноцид сиёсатига кўз юммоқда.
“Ғазодаги ҳужумлар бошланганидан бери 80 кун ўтди, бу вақт давомида инсониятнинг барча қадриятлари ўққа тутилди. Нетаньяху бугунги кунда содир этган хунрезликлари ва Гитлер 80 йил олдин қилган жиноятлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ”, деган Туркия раҳбари.
Туркия Президенти Ғазодаги фожиа фонида Ғарбни яна нохолисликда айблади.
“Германия Гитлернинг қилмишлари учун ҳамон бадал тўлаяпти, шунинг учун жим. Ғарбнинг Исроилдан қарзи бор, Туркиянинг қарзи йўқ. Америка Исроилга ҳар томонлама ёрдам беради, бу ёрдам билан Исроил Ғазо аҳолисини ўлдирмоқда”, дея таъкидлади Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған шу ой бошларида Нетаньяху ҳокимиятда қолиш учун бутун минтақани хавфга қўяётгани ҳақида айтган эди.
LiveБарчаси