Эрдўған Москвага делегация юборяпти. Путин улар билан кўришмоқчи эмас

Олам

image

Туркия Миллий мудофаа вазирлиги делегацияси Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш масаласини муҳокама қилиш учун шу ҳафта Россияга бориш ниятида. Бу ҳақда бугун, 19 июнь куни Ҳукуматга яқин “A Haber” телеканали Туркия Президенти девонидаги манбага таяниб хабар берди. 

Айни пайтда ТРТ ўтган ҳафтада Россия, Украина ва Туркия мудофаа вазирликлари орқали Украина портларидан ғалла экспорт қилиш масаласида фавқулодда канал ташкил қилгани ҳақида хабар берган эди. Телеканал маълумотларига кўра, мамлакатлар ушбу канал ишини амалга ошириш учун генерал даражасидаги вакилларини тайинлайди. Айтилишича, унинг ёрдамида ғалла экспорти масалалари батафсил муҳокама қилинади, натижада бу жараён мантиқий якунига етказилади. 

Бу орада Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков давлат раҳбари Туркиядан келаётган делегация билан учрашмаслигини очиқлади. Унинг қайд этишича, ғалла экспорти учун хавфсиз йўлак яратиш бўйича алоқалар Мудофаа вазирлиги орқали амалга оширилади. 

“Йўқ. Бу Мудофаа вазирлиги орқали [амалга оширилади]”, дейди Кремль вакили Путиннинг турк делегациясини қабул қилиш режалари ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

8 июнь куни Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “Дон йўлаги”ни яратиш масаласини муҳокама қилдилар. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлаши, Бердянск ва Мариупол каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспорт қилинишини таъминлаши мумкинлигини айтган эди. У жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммолар 2020 йилнинг февралида бошланганини эслатиб, Россиянинг Украина портларида донни тўсиб қўйгани ҳақидаги баёнотларни фейк деб атади. 

Туркия ҳукумати Украина ғалласини Қора денгиз орқали етказиб бериш учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаши мумкинлигини маълум қилди. ТРТ телеканали ўтган ҳафта Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга таяниб, Украина ғалласини етказиб бериш бўйича йўл харитасини амалга ошириш механизми 80-90 фоиз тайёр эканлигини ва тегишли келишувларга эришилса, у амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Туркия

Баҳолаганлар

229

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг