Эрдўған Макрон билан ярашди. Томонлар музокара ўтказди
Олам
−
03 Март 2021
6709Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Франция Президенти Эммануэль Макрон билан видеоконференц алоқа шаклида музокара ўтказганини маълум қилди.
Эрдўған Макрон билан мулоқотини “жуда яхши” деб баҳолаган ва Франция етакчиси билан ҳам икки томонлама муносабатларни, ҳам минтақавий ва халқаро муаммолар ҳақида гаплашганини айтган.
Эрдўған Макронга Франциянинг коронавирусга қарши курашини кузатиб бораётганини айтиб, вирусдан ҳалок бўлган французлар учун ҳамдардлик билдирган.
“Франсуа I ва Султон Сулаймон томонидан мактуб алмашиш билан қўйилган дўстлик муносабатлари кўплаб қийинчиликларни бошдан ўтказганини таъкидлаб, Туркия-Франция муносабатлари катта потенциалга эга эканини эътроф этдим”, деган Туркия раҳбари ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эрдўған Туркия ва Франция биргаликда Кавказорти, Яқин Шарқ ва Африкада тинчликни таъминлаш, хавфсизликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшиши мумкинлигини қайд этди.
Қайд этиш керакки, Макрон ва Эрдўған муносабатлари бир неча ойлардан бери яхши эмасди. Томонлар Қорабоғдаги ҳарбий тўқнашувлар фонида бир неча бор бирига қарата жиддий баёнотлар билан чиққанди.
Расмий Париж ва Анқара уларнинг Тоғли Қорабоғ можаросидаги роли борасида бир-бирини айблаганди. Франция Туркияни Арманистон ва Озарбайжон ўртасида уруш чиқаришда айблаган.
Эрдўған бўлса Франция ҳам ҳамраис ҳисобланган Минск гуруҳини 30 йил давомида Қорабоғдаги муаммони ҳал қилмаганликда айблади. У ҳатто, Минск гуруҳини бу муаммонинг ҳал бўлмаслиги учун қўлидан келганча ҳаракат қилганини таъкидлади.
LiveБарчаси