Эрдўған Истанбулда, Қиличдорўғли Анқарада овоз берди (видео)
Олам
−
28 Май 2023
6430Туркия президентлик сайловларининг иккинчи босқичида курашаётган номзодлар — амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рақиби Камол Қиличдорўғли турли шаҳарларда овоз берди. Бу ҳақда “Sabah” хабар берди.
Айтилишича, Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан Истанбулдаги Ускудар туманининг Кисикли кўчасидаги “Саффет Чеби” ўрта мактабида маҳаллий вақт билан соат 12:05 ларда овоз берган. Эрдўғаннинг ўғли Билол ҳам рафиқаси Райён билан бирга айнан шу мактабда овоз берган.
Манбага кўра, Туркиянинг амалдаги раҳбари бугун кечқурун Истанбулдан Анқарага қайтади.
Мухолифат етакчиси Қиличдорўғли эса пойтахт Анқаранинг Чанкая туманидаги сайлов участкасига тушга яқин етиб борган. У ерда қўриқчилар қўшимча панжаралар ўрнатган.
Маълумот учун, шу йилнинг 14 май куни Туркияда президентлик сайловининг биринчи босқичи ўтказилганди. Унда Эрдўған 49,51%, Қиличдорўғли 44,88% овоз тўплади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзодга 50 фоиздан ортиқ овоз керак эди, шунинг учун бугун, 28 май куни Туркияда сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун маҳаллий вақт билан соат 08:00 да Туркиядаги сайлов участкалари очилганди. Улар соат 17:00 да ёпилади. Мамлакат бўйлаб 191 мингдан ортиқ сайлов қутилари ўрнатилган. Сайловчилар сони 60 миллион кишидан ошади.
LiveБарчаси