Эрдўған Бакудаги Ғалаба парадида иштирок этади
Олам
−
09 Декабрь 2020
5936Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эртага, 10 декабрь куни Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида иштирок этади. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмурияти Матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Озарбайжон Республикасига расмий ташрифи бугун, 9 декабрь куни старт олади.
Ташриф доирасида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўртасида учрашув ўтказилади.
Музокараларда халқаро майдонларда Озарбайжоннинг ҳақиқатини халқаро майдонда тарғиб қилиш учун қўйилиши мумкин бўлган қўшма қадамлар муҳокама қилинади ва икки қардош мамлакат ўртасидаги мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш нуқтасида юзага келадиган янги имкониятлар баҳоланади. Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий ўзгаришлар тўғрисида фикр алмашилади.
Ташриф доирасида икки томонлама муносабатларнинг шартномавий асосига ҳисса қўшишга қаратилган турли хил ҳужжатларни имзолаш ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 декабрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғда бир ярим ой давом этган қуролли тўқнашув ва қарийб 30 йилдан кейин Озарбайжон ерларининг Арманистон мустамлакасидан қайтариб олинишини тантана қилади. Шу куни пойтахт Бакуда ғалаба паради ўтказилиши режалаштирилган. Унда 150 га яқин техника намойиш этилади. Улар орасида биринчи бор тақдим этиладиган ракета учириш мосламалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам бор.
Маълумот ўрнида, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 23 ноябрь куни Ағдам шаҳридаги масжиддан туриб халққа йўллаган видеомурожаатида 44 кун давом этган урушдаги ғалабада Туркиянинг ҳиссаси катта эканини айтиб, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга миннатдорлик билдирганди.