Эрдўған Алиевга ҳам шеър ўқиб берди (видео)

Олам

image

Бугун, 28 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжоннинг Лочин шаҳрида 28 май – Мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган концертда Озарбайжон халқ шоири Самад Вурғуннинг шеъридан парча ўқиди. Бу ҳақда “Report” хабар берди.

Маълум қилинишича, Эрдўған шеърни ўқишдан олдин нутқида Озарбайжон ва Туркия доимий дўст эканини таъкидлаган. 

“Биз ҳар доим Озарбайжон ёнида бўламиз. Роббим Озарбайжон-Туркия ака-ука дўстлигини доимо сақласин!”, деган Эрдўған. 

Туркия раҳбарининг “Озарбайжон” номли шеърдан ўқиган икки байти қуйидагича:

Халқ билади, сан манимсан, 
Юртдош, уйим, масканимсан. 
Сен жонажон ватанимсан!
Сенга фидо бўлсин бу жон.
Озарбайжон, Озарбайжон!

Мен бир фарзанд, сен бир она,
Шу деб сенга боғландим-а,
Қайси диёр, қай маконга,
Учар бўлсам ўйим сенсан,
Юртим, куним, уйим сендан! 

Қолаверса, Эрдўған ўзининг ижтимоий тармоқларида Озарбайжонни Мустақиллик куни билан табриклаган. 

“Ҳаётларини қурбон қилган, Озарбайжон мустақиллигини ҳимоя қилган, озодлик ва келажак йўлида олиб борилган шонли курашларни шаҳидликлари билан шарафлаган барча қаҳрамонларимизни раҳмат ва ҳурмат билан ёд этаман”, дея ёзган Эрдўған. 

Маълумот учун, Самад Вурғун – машҳур Озарбайжон шоири, драматурги, адабиётшуноси ва сиёсий арбоби бўлиб, 1906 йил 21 мартда Озарбайжоннинг Газах туманидаги Юқори Салаҳли қишлоғида туғилган ва 1956 йил 27 майда Баку шаҳрида вафот этган. У Совет даври Озарбайжон адабиётининг етакчи намояндаларидан бири ҳисобланади. Шоирнинг ижоди 1930–1940 йилларда айниқса фаол бўлган. 1935 йилда у 7 та эпик асар ва 100 дан ортиқ шеър ёзган. Асарларининг асосий мавзуси ватанпарварлик, халқ севгиси, озодлик, ижтимоий адолат ва инсонийлик ғоялари бўлган. “Озарбайжон” номли машҳур шеъри бугунги кунда ҳам халқнинг миллий фахри сифатида эсланади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлаганди. Эрдўған ўзининг чиқиши аввалида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеърини ёддан айтиб, йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг