Эрдўған, Алиев ва биринчи хонимлари Бакудаги “TEKNOFEST-Озарбайжон”га борди (фоторепортаж)
Олам
−
28 Май 2022
10492Озарбайжон Президент Илҳом Алиев рафиқаси – биринчи вице-президент Меҳрибон Алиева ҳамда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида ўтаётган “TEKNOFEST-Озарбайжон” авиация, космонавтика ва технология фестивалида иштирок этди.
Фестивалда нутқ қилган Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар узоқ йиллар давомида шериклик даражасида бўлган, кейин эса 2021 йилда имзоланган Шуша декларацияси туфайли стратегик иттифоқчилик даражасига кўтарилган.
“Биз таҳдидлардан қайтадиганлардан эмасмиз ва ҳеч қачон бўлмаймиз ҳам! Биз ишғолга жавобан доимо овозимизни баланд кўтарамиз, адолатли курашни ҳимоя қилишда давом этамиз. Бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига даъво қилмай, ўз она юртимизнинг бир бўлагини ҳам бермаймиз”, дейди Эрдўған.
Президент Эрдўған Анқара ҳар доим Озарбайжон ерларининг Арманистон томонидан ишғол қилинишига қарши бўлиб, адолат тарафида бўлганини қайд этди.
“Туркия Озарбайжоннинг ёнида, қайғуда ҳам, қувончда ҳам. Биз Озарбайжон билан икки томонлама муносабатларни нафақат минтақа, балки бутун дунё учун намуна бўладиган даражага олиб чиқдик. Қорабоғдаги ғалаба турк миллатининг ёрқин ғалабалари силсиласининг сўнгги бўғинидир. Озарбайжоннинг 44 кунлик Ватан уруши Туркия мудофаа саноатининг эришган ютуқларини ҳам дунёга ошкор қилди. Биз дунёнинг ҳеч бир давлатига ҳудудий даъво қилмаймиз, лекин ўзимизнинг бир қарич еримизни ҳам бериш ниятида эмасмиз ва бермаймиз ҳам!”, дейди Туркия раҳбари.
Туркия Озарбайжон Президентининг Арманистон билан узоқ муддатли тинчликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қаттиқ қўллаб-қувватлайди, бу ҳам минтақада тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшади.
Эрдўғанга кўра, Туркия Озарбайжоннинг Қорабоғ ва Шарқий Зангезур иқтисодий районларидаги Озарбайжоннинг босиб олинган ерларини тиклашга ҳам ҳисса қўшмоқда.
“Озарбайжоннинг озод қилинган ерларида тараққиёт ва тинчлик ниҳоллари нишланди. Фузули шаҳрида халқаро аэропорт қурилди. Бугун биз Зангелон ва Лочиндаги ҳаво бандаргоҳи лойиҳалари ҳақида гапиряпмиз. Ағдам вилоятида саноат парки барпо этилмоқда. Араз водийси иқтисодий зонаси саноат парки лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Яқин келажакда бу ерларда “ақлли шаҳарлар” барпо этилади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Туркиянинг кўмагида давом этади”, дейди Президент.
Туркия раҳбари Туркия мудофаа саноати сўнгги йилларда сезиларли ютуқларга эришганини, лекин ҳали олдинда кўп йўл борлигини таъкидлади.
“Бу борада ёшларга, уларнинг ғайрати ва шижоати алоҳида умид ва ўринга эга. Биз ёш авлод салоҳиятига ишонамиз. Бугунги “TEKNOFEST” ёшларга ишончнинг яна бир рамзидир”, дейди Эрдўған.
Озарбайжон ва Туркия ҳамкорлиги минтақада барқарорлик ва тинчлик омилидир. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз нутқида сўз очди.
Озарбайжон Президенти мамлакати 30 йилдан буён мустақиллик йўлидан ишонч билан кетаётганини таъкидлади.
Президент ўз фаолиятида ҳамиша озарбайжон халқи ва давлатининг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга, Озарбайжоннинг мустақил сиёсатини таъминлашга ҳаракат қилганини таъкидлади.
“Мана шу 30 йил давомида биз турк биродарларимизнинг қўллаб-қувватлашини доимо ҳис қилдик. Мустақиллик кунида Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ёнимизда бўлиши биз учун қўшалоқ байрамдир”, дейди Алиев.
Озарбайжон раҳбарининг сўзларига кўра, Озарбайжон халқи Туркия ва унинг раҳбариятининг Арманистон томонидан босиб олинган ерларни озод қилиш учун 44 кунлик уруш давомида кўрсатган ёрдамини ҳеч қачон унутмайди.
“Тарихий ғалабадан сўнг Туркия Президенти ва мен Туркия ва Озарбайжон ҳарбийлари иштирокидаги Парадни ўтказдик. Туркиянинг кучайиб бораётгани Озарбайжонни ҳам кучлироқ қилишини бир неча бор айтганман. Қардош мамлакатнинг муваффақиятли ривожланиши биринчи навбатда Президент Эрдўған номи билан боғлиқ”, дейди Президент Алиев.
“TEKNOFEST” фестивали
Халқаро авиация, космик ва технология фестивали “TEKNOFEST” 2018 йилдан бери Туркия Саноат ва технология вазирлиги ва Baykar Makina компаниясининг техник директори томонидан бошқариладиган Турк Технология жамоаси Жамғармаси томонидан Туркиянинг 60 дан ортиқ давлат муассасалари, университетлари ва хусусий компаниялари билан ҳамкорликда ўтказиб келинмоқда.
Бундан кўзланган мақсад авиация, космик саноат ва рақамли иқтисодиёт каби соҳаларни оммалаштириш, бу соҳаларда тадбиркорликни рағбатлантириш, ёш муҳандисларнинг билим ва кўникмаларини аниқлаш, ёшларнинг технология ва фанга қизиқишини оширишдан иборат.