Эрдўған ҳамон аламидан чиққани йўқ. У Швециянинг умидларини пуч қилмоқчи

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швециядан терроризмга қарши қонунларни амалда қўллашини кутмоқда, Анқаранинг Стокгольмнинг НАТОга кириш бўйича аризасини маъқуллаши айнан шунга боғлиқ. Бу ҳақда у бугун, 14 май куни Озарбайжондан қайтгач, берган интервьюсида маълум қилди. 

“Вильнюс (Литва)да НАТО саммити бўлиб ўтади. Агар форс-мажор ҳолатлар бўлмаса, мен унда иштирок этаман. Швециянинг саммит билан боғлиқ умидлари (альянсга кириш тўғрисида қарор қабул қилиши – таҳр.) биз уларни маъқуллашимизми англатмайди. Биринчидан, Швеция ўз мажбуриятларини бажариши керак. Мамлакат қонунлари ва конституциясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган. Улардан фойдаланиш керак. Агар улар қўлланилмаса, Вильнюсда биз [Швециянинг НАТОга қўшилиши масаласида] ижобий жавоб бера олмаймиз”, дейди Эрдўған. 

Президентнинг эслатишича, айнан бугун Туркия пойтахти Анқарада Швециянинг Туркия шартларини бажаришдаги муваффақияти бўйича тўрт томонлама механизм йиғилиши бўлиб ўтмоқда.  

“Уни бош маслаҳатчим Акиф Чиғатой Қилич олиб боради. У иштирокчиларга ўз президентининг фикрини, хусусан Вильнюсда бошқача кутиш бефойда эканини етказади”, дейди Туркия раҳбари. 

У, шунингдек, Швецияни яхши ният билан ҳаракат қилишга ва террорчилар намойишлар ўтказмаслигини таъминлашга чақирди.

Стокгольмда бўлиб ўтаётган Доимий қўшма тараққиёт механизми йиғилишида НАТО Бош котиби идораси раҳбари Стиан Йенссен, Швеция ташқи ишлар вазири ўринбосари Ян Кнутссонв ва Финляндия ташқи ишлар вазирининг доимий ўринбосари Юкка Саловаара иштирок этмоқда. 

Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида НАТОга қўшилиш учун ариза берган, бироқ Туркия PKK (Курдистон ишчи партияси), PYD (Сурия Демократик Иттифоқи) ва YPG (Халқ мудофаа бўлинмалари) ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни ва 2016 йилда террорчилик ёки давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнига тўсқинлик қилган. 

2022 йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Эрдўған, ўша пайтдаги Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон, Финляндия Президенти Саули Ниинистё ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Меморандум имзоланди, бу ўзига хос йўл харитаси бўлиб, Стокгольм ва Хельсинкига НАТОга қўшилиш имконини берди. Жорий йилнинг 31 март куни Туркия парламенти Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни тасдиқлади, мамлакат 4 апрелда альянсга аъзо бўлди.

Эрдўғанни ғазаблантирган мазах

Эслатиб ўтамиз, 12 январь куни Туркияда фаолияти тақиқланган ва террорчи деб топилган Курдистон ишчилар партияси (КИП) тарафдорлари томонидан Стокгольмда ўтказилган митингда Эрдўғанга нисбатан ҳақоратли сўзлар айтилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият биноси олдидаги устунга Эрдўғанга ўхшатиб ясалган қўғирчоқ оёғи осмондан ҳолатда осиб кетилди. Афтидан, буни ўзини “бутун Курдистон бўйлаб инқилобий ҳаракат билан бирдамлик ва алмашиш тармоғи” деб атайдиган швед ташкилоти фаоллари амалга оширган. Улар Эрдўғанни Италиянинг фашист диктатори Бенито Муссолини билан тенглаштирмоқчи бўлган, унинг жасади 1945 йилда Миланда тескари осилган эди.  

Туркия ҳукуматининг кўплаб сиёсатчилари намойишни кескин қоралади. Туркия прокуратураси Эрдўғаннинг адвокати жиноий иш бўйича ариза берганидан сўнг тергов бошлади.  Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп Швеция парламенти раҳбарининг 17 январга мўлжалланган Анқарага ташрифини бекор қилди, унда шимолий мамлакатнинг НАТОга кириши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган эди. 

Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон Эрдўғаннинг шахсига қаратилган бу ҳаракатни қоралади. 

“Бу Швециянинг НАТОга киришини саботаж қилишга қаратилган ўта жиддий воқеа эди”, дейди у


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг