Эрдўған ҳам Олимпиада очилиш маросимини қоралади

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жаҳон ҳамжамиятини Исроил томонидан Ғазода амалга ошираётган “геноцид, шафқатсизлик ва ваҳшийлик”ни зудлик билан тўхтатиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. Бу ҳақда у мамлакатдаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси тадбирида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

“Қонунни менсимайдиган Исроил давлати бугун нафақат Фаластин ва Ливанга, балки бутун инсониятга таҳдид солмоқда”, деган Эрдўған.

Туркия раҳбари, шунингдек, Тель-Авивнинг ҳаракатлари минтақадаги барча давлатлар учун хавф туғдираётганини таъкидлади.

“Исроилнинг тажовузкор сиёсати бутун минтақага таҳдид солаётгани аниқ бўлиб тургандан кейин ҳам яна нега болалар ўлавериши керак? Исроил минтақадаги ўз хавфсизлигини босқинчилик, қирғин ва бегона ерларни тортиб олиш йўли билан таъминлашга интилаётган ягона давлатдир”, деб таъкидлайди Туркия Президенти.

Эрдўған Ғарб давлатлари Исроил армиясининг фаластинлик тинч аҳолига қарши жиноятларига эътибор бермаслигини яна бир бор танқид қилди.

“Халқаро хавфсизликни таъминлашга масъул Ғарб етакчилари ва ташкилотлари қарийб 300 кун давомида Ғазода содир этилган ваҳшийликларни узоқдан кузатмоқда”, дейди у.

Шунингдек, у Исроилни террорчи ташкилот сифатида фаолият юритувчи давлат деб атаган. Туркия давлат раҳбари Париждаги ёзги Олимпия ўйинлари очилишида одамларнинг диний туйғулари ҳақоратланганини ҳам кескин танқид остига олди.

“Парижда 2024 йилги Олимпиада ўйинлари очилишида юз берган ахлоқсизлик биз дуч келаётган таҳдид кўламини яна бир бор кўрсатди. Париждаги шармандали манзара бизни ҳам, католик ва насроний дунёсини ҳам ранжитди”, деди у.

Туркия раҳбари Рим папаси Франциск билан телефон суҳбатида Олимпиада очилишида христиан оламига қарши қилинган ахлоқсизликни муҳокама қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. Эрдўған Париж Олимпиадаси ташкилотчиларини ўйинлардан инсон табиатини бузиш ва оилавий қадриятларни йўқ қилиш воситаси сифатида фойдаланишда айблади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ҳам Парижда 2024 йилги Олимпиаданинг очилиш маросимини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Тель-Авив

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг