Эпштейн файлларида инсониятга қарши жиноят аломатлари мавжуд – БМТ

Олам

image

Матбуотда кўпинча “Эпштейн файллари” деб аталадиган ҳужжатлар тўплами аёллар ва қизларга нисбатан тизимли ва кенг кўламли жинсий зўравонлик, одам савдоси ҳамда эксплуатациянинг хавотирли ва ишончли далилларини ўз ичига олади. Бу ҳақда БМТ экспертлари баёнот берди.

Уларнинг фикрича, тақдим этилган материаллар трансмиллий жиноий тармоқ мавжуд бўлиши мумкинлигини кўрсатади ва инсониятга қарши жиноятлар таърифига тушиши эҳтимоли бўлган ҳаракатлардан далолат беради.

Экспертлар ҳужжатларда қайд этилган ҳаракатлар жинсий қуллик, репродуктив зўравонлик, қийноқлар, ғайриинсоний ва қадр-қимматни таҳқирловчи муомала, шунингдек фемицид сифатида малакалаш мумкинлигини таъкидлаган.

“Бу жиноятлар ирқчилик, коррупция, мизогиния (аёлларга нисбатан нафрат, камситиш, паст кўриш ёки душманона муносабат) ва дунёнинг турли ҳудудларидан бўлган аёллар ҳамда қизларни тижоратлаштириш муҳитида содир этилган”, дейилади баёнотда.

Халқаро жиноят ҳуқуқига кўра, инсониятга қарши жиноятлар “фуқаролик аҳолисига қарши кенг кўламли ёки тизимли ҳужум доирасида” содир этилган тақдирда жинсий қуллик, зўрлаш, мажбурий фоҳишалик, одам савдоси, таъқиб, қийноқлар ва қотилликни ўз ичига олиши мумкин. Экспертлар “Эпштейн файллари”да аниқланган хулқ-атвор моделлари ушбу мезонларга мос келиши ва ваколатли миллий ҳамда халқаро судларда таъқиб этилишини талаб қилишини билдирган.

Материалларни ошкор этиш 2025 йил 19 ноябрда имзоланган “Эпштейн файллари”нинг шаффофлиги тўғрисидаги қонун доирасида амалга оширилмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги 2026 йил 30 январда 3 миллиондан ортиқ саҳифа ҳужжат, 2 мингта видеоёзув ва 180 мингта тасвирдан иборат йирик маълумотлар тўпламини эълон қилди.

Экспертлар маълумотларни қайта ишлаш жараёнида жиддий қоидабузарликлар аниқлангани ҳақида огоҳлантирган: таҳрирлашдаги хатолар қурбонларга оид махфий маълумотларнинг сизиб чиқишига олиб келган ва ёзувлар қайтариб олингунига қадар уларга қўшимча зарар етказган. Шу билан бирга, Жеффри Эпштейннинг фақат битта яқин ҳамкори тергов остида қолмоқда.

“Маълумотларни ошкор этиш жараёнидаги қўпол хатолар сезгир материаллар билан ишлашда шошилинч ва жабрланувчиларга йўналтирилган тартиб-таомиллар зарурлигини кўрсатади, токи бирорта ҳам жабрланувчи қайта га учрамасин”, дейди мутахассислар.

Уларнинг сўзларига кўра, махфийликни ҳимоя қила олмаслик аёлларни таъқиб ва стигматизатсия хавфи остида қолдиради, терговларнинг чекланганлиги эса кўплаб жабрланганларни қайта руҳий зарба ҳолатида қолдирмоқда.

БМТ экспертлари АҚШ ҳукуматини йўл қўйилган хатоларни бартараф этишга, жиноий тармоқ фаолияти усуллари бўйича тўлиқ ошкораликни таъминлашга, қурбонларга етказилган зарарни қоплаш кафолатларини беришга ва жазосизликка барҳам беришга чақирган. Шунингдек, улар Жеффри Эпштейн фаолияти билан боғлиқ оғир жиноятлар бўйича даъво муддати бекор қилиниши зарурлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Мексико штати қонунчилари марҳум молиячи Жеффри Эпштейнга тегишли бўлган Зорро ранчосида юз берган воқеалар юзасидан илк тўлиқ кўламли терговни бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эпштейн Эпштейн файллари инсониятга қарши жиноят

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг