Эпштейн иши: АҚШ суди Трампга оид яширин ҳужжатларни эълон қилишни буюрди
World
−
27 June 3437 3 minutes
Жорий йилнинг 25 июнь куни Федерал судья Америка Адлия вазирлигига Жеффри Эпштейн ишига тааллуқли айрим ҳужжатларнинг таҳрир қилинмаган (яширилмаган) версияларини тақдим этиш мажбуриятини юклади. Идора буни 2 июлгача амалга ошириши ёки нима сабабдан ушбу маълумотларни сир сақлашдан чиқара олмаслигини тушунтириши керак. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
“Адлия вазирлигидан аввал ҳам маълум бўлган, аммо камроқ ўчирилган (яширилган) ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинди – илгари ушбу ҳужжатлардаги маълумотларнинг бир қисми, масалан, жабрланувчиларнинг шахсини сир сақлаш мақсадида қора чизиқлар билан беркитилган эди. Суд эса айрим электрон хатларнинг жўнатувчиси ва қабул қилувчисини, шунингдек, айблов хулосаси лойиҳасига киритилган шерикларнинг исм-шарифларини аниқлаш имкони бўлиши учун ушбу тўсиқларнинг бир қисмини олиб ташлашни сўрамоқда”, дейилади хабарда.
Вазирликка 2 июлгача муҳлат берилган. Ушбу санага қадар идора ё ҳужжатларни эълон қилиши, ёки “нима учун қора чизиқлар олиб ташланмаслиги кераклигини” тушунтириши лозим.
Қарор дахлдор бўлган файллар орасида Президент Дональд Трампни зўравонликда айблаган қизни сўроқ қилиш баённомалари ҳам бор. Адлия вазирлиги ушбу сўроқларнинг баъзилари ҳақида ҳисоботларни эълон қилган, аммо баённомаларнинг ўзини чиқармаган. Трампнинг ўзи бу айбловларни инкор этади.
Бошқа электрон хатлар, хусусан, вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилишга жалб этиш тахминларига тегишли. Уларда “14–15 ёшли қизлар” муҳокама қилинган, хатлардан бирида эса шундай дейилган:
“У худди Набоков асарларидаги Лолитага ўхшайди, миттигина аёл :) Шунинг учун энди сизга фақат шундай номзодларни юборишим керак”.
Бу хат Эпштейнга юборилган, аммо жўнатувчининг исми яширилган.
Эпштейндан хат олган айрим шахсларнинг почта манзиллари ҳам беркитилган. Улардан бирида Эпштейн ўз суҳбатдошига: “Қаердасан? Ҳаммаси жойидами? Менга қийноқлар акс этган видео ёқди”, деб ёзган.
Адлия вазирлиги аввалроқ ушбу ҳужжатларда федерал ҳукумат томонидан одатда эълон қилинмайдиган, текширилмаган ва тасдиқланмаган даъволар мавжудлигини маълум қилган. Трампни зўравонликда айблаган қизнинг сўроқ қилиниши борасида эса, бу ёзувларда Президент ҳақида “асоссиз ва ёлғон” даъволар мавжудлиги илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қўшма Штатларда “Эпштейн файлларнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. У Адлия вазирлигига молиячи иши бўйича материалларни махфийликдан чиқариш мажбуриятини юклаган, бироқ жабрланувчилар ва айбловчиларнинг шахсини аноним қолдириш имкониятини қолдирган эди.
Шунга қарамай, айрим файллар дастлаб ҳеч қандай таҳрирсиз эълон қилиб юборилган, шундан сўнг бир неча минглаб ҳужжатлар ва медиафайллар сайтлардан олиб ташланган. Оқибатда жабрланганларнинг айримлари таҳдидлар ва таъқибларга дуч келган.
Live
All