Энг кўп олтин қазиб олаётган Ўзбекистоннинг захиралари камаймоқда
Жамият
−
14 Сентябрь 2023
7572Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралар кетма-кет бешинчи ой камайди. Марказий банк томонидан кечикиш билан эълон қилинган ҳисоботга кўра, мамлакатнинг олтин-валюта захираси бугунги кунда 32,7 млрд долларгача қисқарган. Бу эса жорий йилги энг паст кўрсаткичдир.
Умумий захиралар йил бошидан бери деярли 3 млрд долларга, ўтган ойга нисбатан эса 958 млн долларга камайган.
Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан қиймати ошганига қарамай, ўтган ойда хорижий валютадаги захиралар 860 млн долларга, яъни 9 фоизга қисқарган ва 8,7 млрд долларга тушиб қолган.
Август ойининг сўнгига келиб нархларнинг мувозанатлашиши ортидан олтин захиралари 410,5 млн долларга ошиб, 23,4 млрд долларга етди. Аммо бу барибир миқдор кўпайиши билан эмас, асосан қиймат ортиши билан боғлиқ.
Бунда олтиннинг физик ҳажми атиги 0,3 млн троя унцияга ошиб, 11,8 млн троя унциядан 12,1 млн троя унцияга кўтарилган. Олтин захираларининг қиймати эса нархларнинг ошиши ҳисобига ўтган ойга нисбатан 4 млрд долларга ошган – 23,4 млрд доллар.
Аммо Ўзбекистоннинг олтин қазиб олувчи энг йирик корхоналаридан бири Навоий кон-металлургия комбинати 2023 йилнинг биринчи ярмида дунё бўйлаб энг кўп олтин қазиб олган конлар рейтингида 5-ўринни қайд этган.
Комбинат ярим йилда 1425 миллион унция олтин қазиб олиб, қимматбаҳо металлни ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчиларидан бири бўлиб турибди.
“Ўзбекистоннинг Навоий давлат тоғ-кон компанияси бешинчи ўринни эгаллаб, 2023-йилнинг биринчи ярмида 1,425 минг унция олтин қазиб олди. Бу 2022 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 2,1 фоизга кўп. Компания ишлаб чиқариш, захиралар ва ресурслар бўйича дунёдаги энг йирик олтин қазиб олиш корхоналаридан бири бўлган Мурунтов очиқ кон комплексига эгалик қилади ва бошқаради”, дейилади Kitco халқаро таҳлилий маркази (Канада)нинг ҳисоботида. Унда 2023 йилнинг биринчи ярмида дунёдаги Топ-10 та энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар рўйхати келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг етти ойи давомида Ўзбекистон 5,64 млрд долларлик олтин сотгани ва бу кўрсаткич 2022 йилнинг январь-июль ойлари билан солиштирилганда (2,97 млрд доллар) 2,1 баробарга ва бутун ўтган йилга қараганда (4,11 млрд доллар) ҳам кўпроқ экани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси