Энергия ресурсларининг нархи нега ошмоқда?

Жамият

image

Ўзбекистон бензин, дизель ёқилғиси, электр энергияси ва газ учун тўловларнинг қимматлашиши ҳақида хабр берган эдик. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори чиқиши билан одамлар орасида нархлар ошишига нисбатан норозилик кайфияти юзага келди.

Бугунги кунда мамлакатда электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари юзасидан соҳа мутахассислари ўз фикрларини билдирди.

Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари:

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 июль куни “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларни ўзгартириш тўғрисида”ги қарори билан молиявий интизомни мустаҳкамлаш, ёқилғи энергетика комплекси корхоналарининг мувозанатли ривожланиши ва безарар ишлашини таъминлаш мақсадида 15 августдан бошлаб энергия ресурслари тарифларига янги нархлар жорий этилди.

Охирги марта бу борадаги нархлар 2018 йил 16 ноябрда ўзгартирилган бўлиб, аҳоли учун 1 киловатт/соат электр энергияси 250 сўм, 1 куб метр табиий газ 320 сўм эди. Вақт ўтиб, бу нархлар таҳлилий кўриб чиқилгач, ҳозирги инфляция даражасини эътиборга олган ҳолда ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, 1 киловатт/соат электр энергияси 295 сўм ёки (+18 фоиз), 1 куб метр табиий газ 380 сўм (+18 фоиз) этиб белгиланди.

Бугунги кунда аҳоли маиший хизматлар учун суюлтирилган газдан ҳам кенг фойлаланмоқда. Шу туфайли газнинг 1 килограммига 1 минг 120 сўм (+18 фоиз) нарх қўйилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 августидан бошлаб:

– Аи-80 маркали автомобиль бензинининг чакана нархи – бир литри учун 4500 сўм (4000 сўм эди);

– Дизель ёқилғисининг чакана нархи – бир литри учун 5400 сўм (4800 сўм эди) этиб белгиланмоқда.

Иқтисодий ишлаб чиқариш учун бу ресурсларнинг аҳамияти жуда долзарб ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизни узлуксиз равишда табиий газ ва электр энергияси билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралади. Аслида мазкур энергия манбаларининг асл таннархи аҳолига сотилаётганидан анча баланд ҳисобланади. Масалан, 1 киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 450 сўм сарфланмоқда. Шунингдек, 1 куб метр табиий газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш 751 сўмни ташкил этади. Шуни эътиборга олиб, давлатимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш мақсадида паст нархлар белгиланди.

Мамлакатимизда янгидан-янги саноат зоналари, корхоналар қурилаётгани, аҳоли сони ортаётгани, янги маҳаллалар ва ёш оилалар кўпаяётгани туфайли энергия ресурсларига эҳтиёж ҳам кун сайин ошмоқда. Бу жараённи энг чекка ҳудудларда ҳам кузатиш мумкин. Шуни эътиборга олиб, электр энергияси ва табиий газни ишлаб чиқариш ва узлуксиз етказиб бериш мақсадида нархларга бир оз ўзгартириш киритилди.

Ушбу табиий ресурсларнинг ўз таннархидан паст даражада сотилиши хорижлик инвесторларнинг соҳадаги ҳамкорлигига тўсқинлик қилмоқда.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ва табиий газни бошқа давлатлардагига нисбатан солиштирганимизда ҳам анча ўзгариш борлигини кўрамиз. Масалан, 1 киловатт/соат электр энергияси Россия Федерациясида 378 сўм, Молдовада 860 сўм, Қирғизистонда 350 сўм, Тожикистонда 380 сўм, Қозоғистонда 340 сўмни ташкил этади.

Ўз навбатида, 1 минг куб метр табиий газ Украинада 100-150 доллар, Россия Федерациясида 80-100 доллар, Беларусда 90-110 доллар, Қозоғистонда 80-90 доллар, Қирғизистонда 214 долларга тенгдир. Ўзбекистонда бу нарх 37,7 долларни ташкил этади.

Камолиддин Усмонов, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти департаменти бошлиғи:

– Бугунги кунда мамлакатда 3,5 миллиондан ортиқ (йиллик эҳтиёжи 10 миллиард куб метр) аҳоли хонадонлари ва 84 мингдан (йиллик эҳтиёжи 30 миллиард куб метр) ортиқ улгуржи истеъмолчилар табиий газ билан таъминланмоқда.

Ўтган йили 150 мингта аҳоли хонадони ва 20 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчи, шунингдек, ҳудудларда ташкил қилинган эркин саноат ва кичик саноат зоналарида ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари табиий газ тармоқларига уланди. Уларнинг эҳтиёжлари эса йил сайин ортиб бормоқда. Шу билан бирга, республикамиздаги табиий газ қазиб олувчи, қайта ишловчи ва тақсимловчи корхоналар тизимидаги асбоб-ускуналар, 13 минг километрдан ортиқ магистрал газ қувурлари ва бошқа зурур техника воситалари эскирган. Бу эса улардаги йўқотишлар миқдорининг ошиши ва қувватларнинг етарлича талабни қондира олмаслигига олиб келди.

Шу туфайли мазкур корхоналардаги техникалар ва асбоб-ускуналарни замонавийлаштиришга маблағни, аввало, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг таннархидан ортиқ сотиш ва фойда кўриш ҳисобидан ажратиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

газ электр энергияси бензин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

2.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made