Энергетика вазирлиги водийликлардан узр сўради
Жамият
−
15 Февраль 2023
16745Водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда водий вилоятларининг газ қувурларида босимнинг меъёрдан пасайиши натижасида айрим ҳудудлардаги хонадонларнинг табиий газ таъминотида узилиш кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талабининг кескин ошишига сабаб бўлмоқда.
“Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва унинг истеъмоли ўртасидаги меъёрни таъминлаш, хусусан, энерготизимда юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш мақсадида водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда.
Шунингдек, электр қурилмаларида юкламанинг ортиши натижасида айрим ҳудудлардаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида инсон омилисиз ўз-ўзидан автоматик равишда узилиш ҳолатлари кузатилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Энергетика вазирлиги ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида мутахассислар томонидан тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилган ва юқоридаги ҳолатлар туфайли келтирилаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.