Энергетика вазири “зами” ҳам ишдан кетди
Жамият
−
16 Январь 2023
14287Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Гап шундаки, бугун қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан йиғилиш ўтказилмоқда. Унда вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун шундай қарор қабул қилинган.
Зангиота, Тошкент, Булоқбоши, Хўжаобод, Учқўрғон, Косон, Кармана, Қамаши, Шофиркон, Хўжайли, Денов, Шароф Рашидов, Пастдарғом, Фарғона, Пахтабод, Ҳазорасп туманлари ҳамда Самарқанд, Наманган, Фарғона, Гулистон, Чирчиқ шаҳарлари ҳокимлари масъулиятни ҳис қилмасдан, бир ой олдинги совуқ кунлардан ҳеч қандай хулоса чиқармагани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев қатъий огоҳлантирилди, Чирчиқ шаҳар ҳокимига “ҳайфсан” берилди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" раҳбари Мустафоев, "Узтрансгаз" раҳбари Норматов ва "Ўзбекнефтгаз" раҳбари Абдуллаев ҳам лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланди.
“Агар тармоқ корхоналарининг айрим молиявий масалалари вақтида ечиб берилганда, даромадларининг бир қисми инвестиция қилиниб, тармоқларни янгилашга йўналтирганда вазият бунчалик оғир бўлмас эди”, дейилган йиғилишда.
Энди бутунлай бошқача тизим бўлиши – стратегик корхоналар Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал ушбу йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ишдан олинган ва Тошкентнинг 3 та тумани ҳокимини ДХХ текшириши маълум қилинган эди.
LiveБарчаси