Энергетика тизими раҳбарлари бугундан бошлаб фавқулодда режимга ўтади – Президент
Жамият
−
11 Август 2023
12642Бугун, 11 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида энергетика комплекси раҳбарлари ва ҳокимларга тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан қатор топшириқлар берди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қайд этилишича, масъулларга жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида 30 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш ва 41 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш, уларни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш ҳамда ер ости газ омборларидаги захираларни камида 3,5 миллиард куб метрга етказиш топширилган.
Шунингдек, 1 октябргача 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш вазифаси юклатилган.
Масъуллар зиммасига аҳолининг талабини тўлиқ қоплаш учун ҳудудларга қўшимча 35 минг дона газ баллонларини етказиб бериш, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 335 минг тонна суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш топширилган.
Йиғилишда жорий йил якунига қадар 400 минг тонна бензин ишлаб чиқариш ва 120 минг тонна импорт қилиш зарурлиги таъкидланган.
“Масъул раҳбарлар куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун бугундан бошлаб фавқулодда режимга ўтади. Энергетика комплекси раҳбарияти вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда йил якунига қадар 3,7 миллиард киловатт соат электр ва 2,4 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш чораларини кўради”, дейди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида, тадбиркорлик объектларида яна 250 мегаватт қуёш панелларини ўрнатиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилган.
Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботи тингланган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев электр энергиясини тежаш бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳри режасидаги талабларни бажармаганини ҳамда энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётганини ҳам танқид остига олган эди. Шунингдек, давлат раҳбари туман ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар ва департамент раҳбарлари қайси туманда энергияни ўғирлаш давом этса, нореал қарздорлик ошиб кетса, электр ва газ раҳбарларига қўшилиб жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.
LiveБарчаси