Энергетика тизими раҳбарлари ҳар бир вилоятдаги энг муаммоли туманга бириктирилади

Жамият

image

Энергетика тизими раҳбарлари ҳар бир вилоятдаги энг муаммоли биттадан туманга бириктирилади. Бу ҳақда бугун, 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган ёқилғи-энергетика соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Янгийўл туманида йўлга қўйилаётган энергетика соҳасидаги янги тизим республикадаги барча туман ва шаҳарларда татбиқ этилади ҳамда энергетика тизими раҳбарлари ҳар бир вилоятдаги энг муаммоли биттадан туманга бириктирилади. Улар ҳокимлар билан ҳамкорликда йил якунига қадар ушбу ҳудудларда янги иш тизимини йўлга қўйиши керак бўлади.

Шунингдек, ислоҳотлар штаби, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, тармоқ ва банк раҳбарлари ҳудудларга чиқиб, электр ва газ таъминотидаги муаммоларни жойида ўрганади.

Жараён давомида аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг энергия билан боғлиқ муаммолари таҳлил қилиниб, масъулларга йил якунига қадар ва келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб берилади. Ушбу ишлар учун зарур маблағ манбалари ҳам олдиндан кўрсатиб берилади.

Бундан ташқари, ҳудудларда электр ва газ ҳисобини юритиш тизими таҳлил қилиниб, тармоқлардаги йўқотишлар ҳамда дебитор қарздорликни камайтириш чоралари ишлаб чиқилади.

Президент вилоят ва туманлардаги электр ҳамда газ таъминоти раҳбарлари ишини танқид қилиб, уларнинг асосий вазифаси шунчаки жараённи кузатиш эмас, балки аниқ натижа учун ишлаш эканини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг