Энди ЙПХ ходимлари қоидабузардан жойнинг ўзида жарима ундира олмаслиги мумкин
Жамият
−
10 Сентябрь
6575ЙПХ ходимларидан қоидабузарга воқеа жойининг ўзида жарима қўллаш ваколати олиб қўйилиши мумкин. Бу бугун, 10 сентябрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида дастлабки тарзда муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилмоқда.
Қайд этилишича, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда.
Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.
Муҳокама қилинган қонун орқали амалиётга киритилаётган ўзгартиришларга асосан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.
Шунингдек, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун билан йўл-патруль хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.
“Муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ички ишлар ходимларини иш вақтида фото ва видеога олиб интернетда эълон қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинган қонун лойиҳаси сенаторлар томонидан қайта кўриш учун Қонунчилик палатасига юборилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь