Энди ўзбекистонликлар Кореяга мавсумий ишларга юборилади
Жамият
−
10 Май
16945Ўзбекистонликлар Кореяга мавсумий ишларга юборилади. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Корея адлия вазири Пак Сон Же билан учрашувда ўзбекистонликларнинг мавсумий ишларга жалб қилиниши ҳақида келишувга эришган. Сеулда бўлиб ўтган учрашувда, дастлаб икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари хусусида сўз борди. Меҳнат муносабатларига оид мавжуд муаммолар ўртага ташланиб, уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилган.
Олиб борилган музокаралар натижасида эндиликда юртдошлар Кореяда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларда меҳнат қилиши мумкин бўлади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, агротехнологиялар бўйича ишлаб, малакасини оширади, бу орқали айни йўналишдаги билим ва кўникмаларини бойитиб, мамлакатга катта тажриба билан қайтиши мумкин.
Бундан ташқари, профессионал касб-ҳунарга эга бўлган ўғил-қизларнинг ҳам Кореяда ишлаш имкониятлари пайдо бўлмоқда. Ушбу йўналишда, яъни маълум бир касб-ҳунарга эга бўлган, қўлида дипломи бор мутахассислар кўп. Эндиликда улар ҳам ўз соҳасидан келиб чиқиб Кореяда фаолият олиб бориши йўлга қўйилади.
Айни йўналишда Адлия вазирлиги билан келишувга эришилган. Учрашувда юртдошларнинг намунали фаолият олиб бориши, Корея давлати қонунларини ҳурмат қилиши икки давлат ҳамкорлик муносабатларининг янада тараққий этишига хизмат қилиши қайд этилган.
Кореяга вақтинча ишлаш учун борадиган ҳар бир номзод билан мутахассислар алоҳида шуғулланиши, ушбу давлатнинг меҳнат ва миграция қонунчилиги, маданияти, урф-одат ва анъаналари хусусида ахборотлар бериб борилиши маълум қилинган.
Ўзбекистонлик ишчилар Кореянинг меҳнат қонунчилигини бузмаса, нолегал фаолиятга ўтмаса, ўз иш жойларини асоссиз ташлаб кетмаса, Корея томони ҳамюртлар учун ҳар қандай ишчи виза турини энг юқори даражада очиб беришга тайёрлигини билдирган.
LiveБарчаси