Энди Шарқшунослик университетида ҳам журналистлар тайёрланади

Жамият 1571
image

Ўзбекистонда журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари сафи яна биттага кўпайди. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент давлат Шарқшунослик университетида Журналистика йўналишига абитуриентларни қабул қилади. Шунингдек, жорий ўқув йилидан бошлаб университетда бакалавриат бўйича журналистикадан ташқари яна 3 та янги таълим йўналиши очилди. Бу ҳақда AОКA бўлиб ўтган брифингда Шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева маълум қилди.

Анжуманда айтилишича, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тармоқлар ва меҳнат бозори талаблари ҳамда илғор хорижий тажрибалар асосида бакалавриатда янги 4 та таълим йўналиши очилди. 

Жумладан:
•  Матншунослик ва адабий манбашунослик;
•  Журналистика: халқаро журналистика; 
•  Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти (шарқ тиллари);
•  Туризм (фаолият йўналишлари бўйича)

Ректорнинг таъкидлашича, ОТМда янги 2 та мутахассислик – Этнография, этнология ва антропология ҳамда Туризм (йўналишлар ва фаолият турлари) бўйича қабул квоталари шакллантирилган. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб биринчи босқич талабалари учун ўқув жараёни кредит-модул тизимига ўтказиш мақсадида янги ўқув режалари ишлаб чиқилган. 

Мазкур ўқув режаларида ЕCТS  (Европа кредит трансфер тизими)га мувофиқ бакалавр даражасида талаба 240 та ва магистратурада 120 та кредит фанларни ўзлаштириши белгиланган.

Бу йилдан бошлаб университетга ўқишга қабул қилишда турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тилларидан тест синовлари ўтказилишини йўлга қўйиш учун Давлат тест маркази билан ҳамкорликда тест материаллари базалари яратилган.

Шунингдек, мазкур ОТМ докторантурасига қабул квотасини 23 тага кўпайтириш, Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат тарихи; Этнология, этнография ва антропология ихтисосликлари бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш бўйича таклифлар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мизиёевнинг жорий йил 16 апрель куни имзолагани қарорига мувофиқ Тошкент давлат Шарқшунослик институтига “университет” мақоми берилган эди.

Маълумот ўрнида, бугунгача Ўзбекистонда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Жаҳон тиллари университети ҳамда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетларида журналистика йўналиши мавжуд эди.

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 2.9
t
×