Энди ота-онасига ғамхўрлик қилмаганлар қамалади. Қирғизистонда
Олам
−
02 Декабрь 2024
2263Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ота-онага ғамхўрлик қилишдан бўйин товлаган қирғизистонликларга жарима ва қамоқ жазоси тайинлаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда “Sputnik” хабар берди.
Қирғизистон Президенти вояга етган болаларнинг ногирон ота-оналарига алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жазони кучайтиришга қаратилган янги қонунни имзолади.
“Янги қонун жиноий жавобгарликка асос бўлиши мумкин бўлган даромадларни яшириш ва ишдан бўшашга қарши чораларни ҳам ўз ичига олади”, дейилган хабарда.
Жогорку Кенеш томонидан 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган қонунда ота-онасининг алименти учун пул тўлаш бўйича суд қарорини бажармаган фарзандларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари жорий этилиши назарда тутилган. Энди алимент тўламаганлик учун жарима, жамоат ёки ахлоқ тузатиш ишлари ва қарз миқдорига қараб уч йилгача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров тамаки маҳсулотлари ва никотин моддаларининг зарарли таъсиридан аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолаганди. Қонуннинг асосий мақсади никотин ва тамаки аэрозолларининг аҳолига салбий таъсирини камайтириш.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси