Энди Кимга нимадир бўлса, автоматик ядровий чора кўрилади (видео)

Олам

image

Шимолий Корея Конституциясига мамлакат етакчиси Ким Чен Ин ҳалок бўлган тақдирда автоматик ядровий жавоб зарбаси берилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, бу ўзгартишлар Эрон Олий раҳбари Али Хоманаий Америка Қўшма Штатлари ва Исроилнинг қўшма операцияси вақтида йўқ қилинганидан кейин қабул қилинган. Тегишли қарор 22 март куни Пхеньянда бўлиб ўтган Корея Халқ Олий Мажлиси йиғилишида маъқулланган.

Жанубий Корея Миллий разведка хизмати маълумотига кўра, Ким Чен Ин мамлакат ядровий кучларини шахсан назорат қилади. Бироқ янги қоидалар унинг ҳалок бўлиши ёки ҳаракатга лаёқатсиз ҳолатга келиши вазиятида жавоб зарбасини амалга ошириш тартибини расман белгилаб берган.

“Агар давлат ядровий кучларини бошқариш тизими душман кучлари ҳужуми оқибатида хавф остида қолса, ядровий зарба автоматик ва зудлик билан амалга оширилиши керак”, дейилади янгиланган ядровий сиёсат тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасида.

Сеулдаги Кукмин университети профессори Андрей Ланков бу каби ёндашув эҳтимол аввал ҳам мавжуд бўлганини, аммо энди Конституцияда мустаҳкамлангани сабаб янада муҳим аҳамият касб этганини айтган.

“Эрон воқеаси хавотирли сигнал бўлди. Шимолий Корея Америка ва Исроилнинг раҳбариятни бошсиз қолдиришга қаратилган ҳужумлари қанчалик самарали бўлганини кўрди. Улар бу ҳолатдан қўрқиб қолган”, дея таъкидлаган профессор.

Нашрнинг ёзишича, Ким Чен Инга қарши бундай операцияни амалга ошириш Эрондагидан анча қийин бўлади. Шимолий Корея чегараларининг деярли тўлиқ ёпиқлиги ва хорижликлар билан алоқалар қаттиқ назорат қилиниши бунга асосий сабаб сифатида кўрсатилган.

Манбага кўра, Исроил разведкаси Эронда раҳбарларнинг жойлашувини бузиб кирилган кузатув камералари орқали аниқлаган бўлиб, Пхеньянда бу усулни қўллаш қийин. Чунки у ерда видеокузатув тизими чекланган ва интернет қатъий назорат қилинади. Бундан ташқари, Ким Чен Ин ўз хавфсизлигидан қаттиқ хавотир олади. У кучли қўриқчилар билан ҳаракатланади, самолётда учишдан қочади ва одатда махсус зирҳланган поезддан фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР Конституциясидан Жанубий Корея билан бирлашиш бандини олиб ташлаган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ким Чен Ин ядровий чора

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг