Энди картадан тўлов фоизи тўлов суммасидан чегириб қолинади – Президент қарори
Жамият
−
09 Март 2023
19438Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган қарорни имзолади.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб бенефициари бюджет ва корпоратив буюртмачи ҳисобланган тўловлар бўйича тўлов хизматлари кўрсатганлик учун воситачилик ҳақи (йиғимлар) тўлов шаклидан қатъи назар тўловчи – жисмоний шахсдан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундирилади.
Бунда, воситачилик ҳақи миқдори тўлов суммасининг бир фоизигача, бироқ жами суммаси Марказий банк томонидан белгиланадиган чегаравий миқдорлардан кўп бўлмаган миқдорда бўлади.
Ушбу тартиб:
• барча турдаги давлат божи ва маъмурий жарималар бўйича тўловлар;
• давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматларига тўловлар;
• мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, қайта тайёрлов, малака ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;
• барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар;
• Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш бўйича ундириладиган тўловлар;
• “E-auksion” электрон савдо платформаси ва “K-Savdo” автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;
• авиа, темир йўл ва бошқа жамоат транспортларига чипталарни харид қилишдаги тўловларга нисбатан татбиқ этилади.
Келажакда мазкур рўйхатга қўшимча тўлов турлари киритилиши мумкин.
Шунингдек, 2023 йил 1 майга қадар муддатга Тошкент шаҳрида ҳуқуқий эксперимент тариқасида виртуал касса билан қамраб олинган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида нақд пул ечиш хизматини кўрсатиш амалиёти жорий этилади.
Қарорда “HUMO” ва “UZCARD” тўлов тизимлари ўзаро интеграциясини босқичма-босқич, жумладан 2023 йил май ойига қадар банкоматлар ҳамда 2023 йил якунига қадар тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишларини якунлаш топширилган.
Шунингдек, Ягона ғазна ҳисобварағи орқали ҳисоб-китобларни 24/7 режимида онлайн тартибда амалга ошириш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизими Марказий банкнинг “Тезкор тўловлар” тизимига интеграция қилинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь