Энди Google қулоқчинлар орқали юрак уришини аниқлай олади
Технология
−
31 Октябрь 2023
3745Google IT корпорациясининг тадқиқот бўлими Google Research қулоқчинлар ёрдамида юрак уриш тезлиги ва унинг ўзгарувчанлигини ўлчашнинг янги механизмини топди. Бу ҳақда “Газета.ru” нашри маълум қилди.
Google томонидан таклиф қилинган юрак уриш тезлигини ўлчаш усули “аудио плетисмография” деб аталади. Бунда қулоқчинларнинг микрофони инсон қулоғига эшитилмайдиган паст интенсивликдаги тўлқинни илғайди. Дастурий таъминот эса микрофон қайд этган бу ўзгаришларни юрак уриши ҳақидаги маълумотлар сифатида қабул қилади.
Билдирилишича, дастлаб компания одамлар ҳаракат қилаётганда юрак уриш маълумотларини аниқлашга қийналган. Аммо кейинчалик Google ушбу муаммони ҳам ҳал қилди. Эндиликда бу усул орқали одам мусиқа эшитаётган вақтда ҳам кардио сигналларни аниқлаш мумкин.
Компания “аудио плетисмография” усулини 153 кишида синаб кўрди. Бунда сигналларнинг ўзгарувчанлигини аниқлашдаги хатолик 2,5-3 фоизни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Google генератив СИ технологияси орқали катта мақолалардан асосий фикрларни ажратиб олиш хизматини тақдим этганди.
LiveБарчаси