Энди ДХХ ходимлари куни МХХ ташкил этилган кунда нишонланади
Жамият
−
27 Август 2021
10740Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хзимати ходимлари кунини нишонлаш қатор қарама-қаршиликларни келтириб чиқаргани учун, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан белгиланган 5 апрель – Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни яна аввалгидек 26 сентябрга кўчирилмоқда. Бунга оид қонун бугун, 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида қабул қилинди.
Ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Мазкур қонунда 26 сентябрь кунини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида белгилаш назарда тутилган.
“Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг тарихи аслида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 26 сентябрда қабул қилинган ПФ–265-сонли Фармонига бориб тақалади.
Қайд этиш жоизки, Президент Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йилнинг 5 апрелида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ҳужжат билан хизмат фаолиятининг мустаҳкам қонуний асослари яратилиб, зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар белгиланди. Натижада Президентимизнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш сиёсатига мос бўлган шаффоф, давлат ва халқ манфаатини ҳимоя қилувчи орган яратилди.
Шу сабабли 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида 5 апрель – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг касб байрами этиб белгиланган эди.
Бугунги кунда 5 апрель санасини Давлат хавфсизлик хизмати куни сифатида нишонлаш (Хизматнинг 30 йиллиги) хавфсизлик идораларининг фаолият юритишини ҳисоблашда қарама-қаршиликни келтириб чиқармоқда. Чунки ўтган йиллар давомида (2006, 2011 ва 2016 йиллар) хизматнинг тантанали юбилейларига Давлат хавфсизлик хизматининг хорижий ҳамкорлари таклиф этилиб, уларга эсдалик нишонлари топширилган.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами нишонланганидан сўнг, 26 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг 30 йиллигини ўтказиш мантиқан тўғри ҳисобланади.
Ушбу қонун қабул қилиниши натижасида 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун ўз кучини йўқотади ва 26 сентябрь тарихий санаси асосида юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида нишонланади”, дейилади Сенат ахборотида.
Қайд этилишича, мазкур қонуннинг маъқулланиши Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг маънавий-руҳий кайфиятини, хизмат учун фахр туйғуси янада кучайиши, авлодлар ўртасида устоз-шогирд анъаналари сақланиб қолиши, хизматнинг фахрийларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар ўртасида давлат хавфсизлик идоралари имижини мустаҳкамлаш имконини беради.
Шулардан келиб чиқиб, Сенат аъзолари ушбу қонунни маъқуллагани айтилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 26 сентябрда қабул қилинган ПФ–265-сонли фармонига кўра, КГБ ўрнида МХХ ташкил этилиши белгиланган. 2018 йилгача тизим фаолияти ушбу фармон ва Ҳукумат томонидан қабул қилинган ҳужжатлар билан тартибга солинган.