Энди ҳокимлар бўш турган биноларни сотишга жавобгар бўлади

Жамият

image

Эндиликда хусусийлаштириш дастурига объектларни киритиш, уларни сотиш ва инвестиция самарадорлиги бўйича ҳокимлар Давлат активлари агентлиги билан тенгма-тенг жавоб беради. Бу ҳақда бугун, 14 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз борди.   

Йиғилишда қайд этилишича, бош режаси йўқ деган баҳона билан 2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилган.  

Ҳокимларга бунинг оқибатида 4 минг гектар ерни активга айлантириш, хусусийлаштириш ҳисобидан буджетга 550 миллиард сўм қўшимча тушум бой берилгани кўрсатиб ўтилди. Уч ойда ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтиш топширилди.  

Бош режаларни тасдиқлаш орқали жуда катта мақсад ва вазифалар белгиланмоқда. Лекин бош режада кўрсатилган сув, канализация, иссиқлик, газ, электр линиялари, йўллар қачон, қайси навбатда ва қандай манбалар ҳисобидан қурилади деган саволга жавоб йўқлиги танқид қилинди.  

Аслида, ҳар бир бош режани рўёбга чиқариш бўйича йилма-йил комплекс дастур қилиниб, аҳоли, тадбиркор ва масъулларга етказилиши кераклиги қайд этилди. Бундай дастурлар йўқлиги учун ҳам инфратузилмага 1 сўмлик харажат кетадиган жойга 2-3 карра кўп маблағ сарфланаётгани, пала-партиш қурилишлар ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.  

Ҳар бир вилоят ҳокимига икки ойда вилоят ва туман марказларининг тасдиқланган бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш топширилди.  

Мутасаддиларга комплекс дастурлардаги тадбирларнинг қайси бири республика ва маҳаллий бюджетдан, қайсилари халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан бўлишини аниқ белгилаб бериш вазифаси қўйилди.

Сўнгги тўрт йилда аукционда сотилган 11,5 минг гектар ердан 3 минг гектарида қурилиш бошланмаган. Оқибатда қўшимча 100 минг иш ўрни, 20-25 триллион сўм қўшилган қиймат йўқотилаётгани қайд этилди.  

Аукционга чиқарилган 582 гектар ер участкаси, 122 та давлат объекти бир йилдан бери сотилмай турибди.  

Чунки хусусийлаштириш дастурини қабул қилишда ҳам, объектларни сотишда ҳам ҳокимларнинг ўрни билинмаётгани, тадбиркорларнинг фикри олдиндан ўрганилмаётгани қайд этилди. Аслида, ҳар объектни сотишда ҳудудга инвестиция, маҳалла учун иш ўрни биринчи ўринда бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.  

Эндиликда хусусийлаштириш дастурига объектларни киритиш, уларни сотиш ва инвестиция самарадорлиги бўйича ҳокимлар Давлат активлари агентлиги билан тенгма-тенг жавоб бериши белгиланди.  

Хусусийлаштириш доирасида бўлиб тўлаш шарти билан сотилган объектлар учун қолдиқ суммага ҳар йили 14 фоиз устама ҳисоблаш бекор қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

видеоселектор Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг