Энди Ҳисоб палатаси жамоатчиликка ҳисоб беради
Жамият
−
18 Июль 2023
3277Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериб боради. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, Ҳисоб палатасига оз миқдорда талон-торож қилингани ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилгани, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат молиявий назорати органларига эса оз миқдорда талон-торож қилингани учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ваколатлари берилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, Ҳисоб палатаси:
- молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режалари тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради;
- назорат тадбирлари натижалари бўйича аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг бартараф этилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якунларига кўра, чоракдан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради, бундан давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар мустасно;
- ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида жамоатчилик олдида ОАВ вакиллари иштирокида ҳисобот бериб боради.
Қонун билан Ҳисоб палатаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишга ҳақлилиги белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
LiveБарчаси