Энди ҳар йили яхши ишлаган “маҳалла еттилиги” мукофотланади
Жамият
−
14 Октябрь 2025 1934 3 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 октябрь куни маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида “еттилик” иш вақтининг ярмини турли мажлис ва тадбирларда ўтказаётганини кўрсатиб ўтди.
Қайд этилишича, “еттилик” ходимларининг аниқ вазифалари ва KPI белгилангани билан маҳалладаги умумий натижадорликни баҳолайдиган тизим йўқ.
Ҳозирда “еттилик” аъзоларининг 1 минг 700 нафари маҳалла ҳудудидан 20-30 километр узоқдан қатнайди. Оқибатда ўтган йили 68 нафар “еттилик” вакиллари бириктирилган маҳалласига бир неча ой келмаган. Мутасаддиларга “еттилик” фаолиятини комплекс баҳолайдиган тизимни ишга тушириш топширилди.
Туман ҳокимлари йил якунига кўра, яхши ишлаган 10 та “еттилик”нинг барчасини мукофотлаш, уларга қўшимча устамалар беришни йўлга қўяди.
“Шунда “еттилик” ҳамжиҳат ва ягона жамоа бўлиб ишлайди”, деди Президент.
Бундан буён “еттилик” ходимлари билан ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида йиғилиш ўтказиш тақиқланиши белгиланди.
Шунингдек, маҳаллалар аҳолиси ўзлари дарахт экиб, парвариш қилишга, яшил ҳудудларни кўпайтиришга тайёр экани таъкидланди. Лекин бирорта ҳоким ёки маҳалла раиси тайинли жойни кўрсатиб бермаётгани танқид қилинди.
Эндиликда “еттилик”, маҳалла аҳолиси яшил ҳудуд қилиш ташаббуси билан чиқса, туман ҳокими 10 сотихгача ер майдони ажратиб беради.
Ҳокимлар ва “еттилик” бунинг устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиши, бу ерлар бошқа мақсадларга бериладиган бўлса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.
Бош прокуратурага бошқа мақсадлар учун бериб юборилган яшил ҳудуд, спорт майдончаси, болалар ўйингоҳларини жойига қайтариш бўйича топшириқ берилган эди. Тўрт ой ичида 20 гектар яшил ҳудуд, 107 та спорт майдончаси ва болалар ўйингоҳи тикланди. Давлат раҳбари бундай жойларнинг барчаси жой-жойига қўйилмагунча ишни давом эттириш вазифасини қўйди.
Шу билан бирга, айрим маҳаллалар, кўчалар, қурилишлар атрофи, ариқлар, хиёбонларда озодалик талабларига риоя этилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилинади. Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими кўчаси, йўли, ариғи, хиёбонини тартибга келтириб, доимо озода тутиши шартлиги қайд этилди.
Ободонлаштиришга масъул ҳоким ўринбосарларига бугуноқ 24 соат ишлайдиган бригадалар ташкил қилиб, кўча, хонадон, кўп қаватли уй, ижтимоий объектлар атрофини тозалаш топширилди. “Тоза ҳудуд” корхоналарига қарашли махсус техникалар ҳам бунга тўлиқ сафарбар қилинади.
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга чиқинди ташлаганлик учун жарима қўллаш ваколати берилгани қайд этилиб, уларга жойларга чиқиб, шаҳар ва туман марказларида кунлик назорат ўрнатиш топширилди.
Live
Барчаси