Эмина Эрдўған глобал инқирозга қарши чора кўришга чақирди
Олам
−
21 Сентябрь 2023
2677Туркиянинг биринчи хоними Эмина Эрдўған кеча, 20 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги тадбирда иқлим ўзгаришига қарши курашишнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.
“Глобал ноль чиқиндилар ҳаракати сари йўл” деб номланган йиғилиш Турк уйи (Turkevi)да бўлиб ўтди. Унда БМТнинг юқори мартабали расмийлари, дипломатлар ва Нью-Йорк мэри Эрик Адамс иштирок этди.
Биринчи хоним глобал иқлим инқирозлари бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканини билдирган ва яқинда Туркия, Ливия, Греция, Болгария ва Грузияни қамраб олган даҳшатли табиий офатларни эслатди.
“Биз иқлим инқирозининг ҳал қилувчи палласида турибмиз. Шундай экан, бугун биз муҳокама ва баҳолардан четга чиқиб, шошилинч чора-тадбирлар режаларини амалга оширишимиз керак”, деди у.
Эмина Эрдўғаннинг сўзларига кўра, дунёда ҳар сонияда 127 тонна озиқ-овқат ишлаб чиқарилади. Сайёра бўйлаб 820 миллион одам очликдан азият чекаётган бир пайтда унинг 41 тоннаси исроф бўлади. Одамлар фақат истеъмол қилиш ҳақида ўйламоқда ва нафақат инсониятнинг ўзи, балки иқлим ҳам бундан азият чекяпти. Хусусан, дунё бўйлаб ҳар дақиқада 1 миллиард пластик бутилка сотилади. Бу чиқиндиларнинг катта қисми денгиз ва океанларга тушиб, сув ости дунёсини хавф остига қўяди.
“Инсоният бир марта ишлатиладиган маҳсулотлар билан ўралган истеъмол жамиятига айланди”, деди у исрофгарчиликларнинг кўламидан ташвишланиш кераклигини билдирар экан.
Унинг сўзларига кўра, йиллик маиший чиқиндилар ишлаб чиқариш 2050 йилга бориб ҳозирги 2 миллиард тоннадан 4 миллиард тоннагача ошиши мумкин. Истеъмолнинг бундай юқори даражаси ҳам чиқиндилар билан боғлиқ муаммога, ҳам табиий ресурсларнинг тугашига сабаб бўлади.
Биринчи хоним, шунингдек, 2017 йилда Туркияда 650 миллион тонна хомашёнинг беҳуда сарфланишининг олди олиниб, 2 миллион оиланинг эҳтиёжларига тенг сув ресурслари тежалган “Ноль чиқинди” ташаббуси бошланганини эслади. Аммо Туркиянинг “Ноль чиқинди” соҳасидаги муваффақиятлари муҳимлигига қарамай, бу соҳадаги салбий глобал тенденцияни тузатиш учун етарли эмаслигини айтди. Унинг фикрича, мамлакатлар иқлим ўзгаришига қўшган “ҳиссаси” асосида кўпроқ мажбуриятларни олиши керак.
Маълумот учун, Эмина Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг чиқиндисиз ишлаб чиқариш бўйича маслаҳат кенгаши раиси сифатида фаолият олиб боради. Унинг ҳомийлигида 2017 йилдан буён “Ноль чиқинди” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Ушбу лойиҳа БМТ даражасида қўллаб-қувватланган ва 30 март “Халқаро ноль чиқинди куни” деб эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 сентябрь куни Эмина Эрдўған Сьерра-Леоне Президентининг рафиқаси Фотима Маада Био ташаббуси билан Нью-Йоркда ташкил этилган “Зўравонликни даволаш ва олдини олиш куни” деб номланган тадбирда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ҳақида ҳам нутқ сўзлади.