Эмина Эрдўған турк киноижодкорларини дунёга қотиллик, мафия ва зўравонликни экспорт қилмасликка чақирди
Олам
−
26 Ноябрь 2020
7832Туркияда тайёрланаётган айрим сериаллар ва медиа маҳсулотлар жамиятда зўравонликнинг рағбатлантирилишига сабаб бўлмоқда. ОАВда рейтинг учун инсон қадр-қиммати қурбон қилинмоқда. Қотиллар, мафия ва золимлар жамиятга ўрнак сифатида кўрсатилмоқда. Буларнинг олдини олиш, дунёга тарихий қадриятларни экспорт қилиш вақти келди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президентининг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған кеча, 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни муносабати билан видеоконференсалоқа орқали ўтказилган “Зўравонликка қарши курашда телесериалларнинг аҳамияти” номли анжуманда сўз очди.
Оила, бандлик ва ижтимоий хизматлар вазирлиги томонидан ташкил этилган онлайн-анжуманда мамлакатнинг кўзга кўринган режиссёрлари, актёр ва актрисалари иштирок этди.
Эрдўған сўзи аввалида ушбу анжуманда қатнашаётган ҳар бир иштирокчи “аёлларга нисбатан зўравонлик” дея ном олган жиноятга қарши курашда бир ёқадан бош чиқараётганини алоҳида эътироф этган.
“Аёлларга нисбатан зўравонлик нафақат бизда, балки бутун дунёда дуч келинадиган катта жароҳатдир. Аслида бу маълум маънода глобал пандемия”, дейди Эмина хоним.
Мамлакат раҳбарининг рафиқаси зўравонликка учраган аёл битта бўлса ҳам, ушбу жиноятга қарши кураш бир хил шаклда давом этиши кераклигини алоҳида урғулади.
“Бир аёлга кўтарилган қўл – бу ҳаммамизга кўтарилган қўл. Бир аёлдан тўкилган бир томчи қон, бизнинг бутун томирларимизни қурутади. Шу сабаб аёллар ва зўравонлик сўзлари ёнма ён келган жумлалар йўқ бўлмагунча, тинчлигимиз абадий бўлмайди. Бу масалага қарши курашда тўхтамай ишлашимиз керак. Энг муҳими, биз бундай ҳодисалар билан ҳар томонлама курашишимиз керак. Ушбу курашда давлат, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва бошқа барча манфаатдор томонлар қатнашиши керак”, дейди Эмина Эрдўған.
Биринчи хоним онлайн-анжуманда иштирок этаётган актёр ва актрисалар, ёзувчилар ҳамда академикларга юзланиб, шундай дейди:
“Тилингиздан янграган ва қаламингиздан тўкилган энг кичик сўзлар, сизлар кўрсатадиган ижролар бебаҳодир. Шу боис биз оммавий ахборот воситалари ва шу қаторда, телесериалларнинг зўравонликка қарши курашда самарали воситага айланиши учун умумий якдил фикрни шакллантиришни истаймиз”.
Туркияда бугун телеканалларни томоша қилишнинг ўртача давомийлиги кунлик 3 соат 34 дақиқани ташкил этаётганини айтган Эмина Эрдўған, телевидение аввал бошдан хабарларни етказиш воситаси бўлиб, айни кунда халқнинг фикри ва дунёқарашини бошқариш қуролига айланганини урғулади.
“Унинг бугунги кучи, мукаммаллиги дегани эмас. Сиз ҳам яхши биласизки, медиада, фильмлар ва сериалларда ишлатиладиган мавзулар, афсуски, зўравонликни озиқлантирувчи жиҳатларга эга. Тадқиқотлар шуни аниқ кўрсатадики, телевизион кўрсатувларда намойиш этилаётган зўравонлик жамиятнинг хулқ-атвори бузилишига олиб келади ва зўравонликни рағбатлантиради. Сарлавҳаларда ишлатилган “ғазабланган эр, ақлдан озган хотин” каби иборалар аслида олдиндан қилинган жиноят учун баҳонадек. Зўравонлик ва қўрқув таъкидланган, чунки у кўпроқ эътиборни жалб қилади. Илтимос, рейтинг учун инсон қадр-қимматини қурбон қилмайлик. Қотилларни, мафия ва золимларни жамиятга ўрнак сифатида таништирмаслик керак”.
Биринчи хоним сўзида давом этиб, аёлларга нисбатан зўравонликнинг телеканалларда комедик кўрсатувлар, шоу ва сериаллар орқали ёритилиши, аёл зўравонликка ёки муштга учраган лавҳаларни эса кулги овози билан эфирга узатилиши жамиятда аёлларга нисбатан зўравонликнинг оддий қабул қилиниши ва жим қараб турилишига олиб келаётганини айтди.
Қаҳрамонларнинг томошабинлар дунёсидаги аҳамиятига эътибор қаратган Эрдўған аксессуарлардан тортиб, соч турмаги ва имо-ишораларгача мода бўлиб, маркетинг элементига айланганини қайд этди. Биринчи хоним бу конструктив ва вайронкор таъсирга эга бўлган буюк куч эканини англаш кераклигини таъкидлади. Кўп нарсалар беғуборлигини йўқотган бу асрда оммавий ахборот воситалари, телевидение ва кинематографияни жамият манфаатлари учун ишлатиш ижодкорлар қўлида эканлигига ишора қилди.
“Туркия Америкадан кейин дунёдаги энг кўп сериал экспорт қиладиган мамлакатдир. Келинг, биз бу сериаллар орқали меҳр-шафқат, севги ва инсоний қадриятларни экспорт қилайлик. Шу нуқтаи назардан бизнинг асосий мавзу оила бўлган ва тарихий қадриятларимиз билан бойитилган медиа маҳсулотларига эҳтиёжимиз бор эканини ифода этмоқчиман”, дейди Эрдўған.
Маълумот ўрнида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қайд этишича, дунёда ҳар уч аёлнинг биттаси зўравонликка дуч келмоқда.
LiveБарчаси