Экспортни ошириш учун ЖСТга аъзо бўлиш керак – Мирзиёев

Жамият

image

Бугун, 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнлари ва истиқболларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотда ЖСТга аъзо давлатлар томонидан кўтарилган масалалар муҳокама қилинган.
Жаҳон савдо ташкилотининг битимларидан келиб чиқиб, миллий қонунчиликни унга уйғунлаштириш, тартиб ва стандартларни халқаро талабларга мослаштириш бўйича топшириқлар берилган. Бунинг учун хорижий консультантларни жалб қилиб, ишчи гуруҳларни шакллантириш, барча вазирликлар ва элчихоналар билан тизимли ишлаш зарурлиги таъкидланган.

“Келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баравар оширишни режа қилганмиз. Бунга эришишнинг бирдан бир йўли – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Бу 164 та давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради”, деган Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, Жаҳон савдо ташкилоти давлатлараро кўп томонлама савдо тизимини мувофиқлаштириб турувчи нуфузли халқаро тузилмадир. Дунё савдосининг 95 фоизи унга аъзо 164 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Ташкилотнинг асосий вазифаси – эркин ва шаффоф савдо муносабатларини тартибга солиш ва уни кенгайтириш орқали аъзо мамлакатлар барқарор тараққиётини таъминлаш ва инсонлар турмушини яхшилаш ҳисобланади. Ўзбекистон 2019 йилдан бу халқаро тузилмага аъзолик жараёнини янгидан бошлаган. Шу мақсадда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 50 дан зиёд давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб борилган. Бу жараён бўйича жорий йилнинг март ойида Жаҳон савдо ташкилотида ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши ўтказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон экспорт ЖСТ Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг