Экспортёрлар учун янги имтиёзлар белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Республикамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, миллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва валюта тушумларини кўпайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 октябрдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6091-сон Фармони ва 2021 йил 13 июлдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш тўғрисида”ги ПҚ–5184-сон қарорига асосан экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 200 миллион АҚШ доллари ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми 20 миллион АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар 5 миллион АҚШ долларигача миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилиши;

охирги ўн икки ой давомида 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўлланилиши, шунингдек, ушбу Фармон кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2021 йил 31 декабрга қадар тўхтатилади;

2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади;

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар тақдим этиш тартибини тасдиқлаш ва ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

4. Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (С.У. Умурзаков) икки ҳафта муддатда:

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик молиявий ресурслар тақдим этиш тартибига тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини компенсация қилиш тизимини бир йил муддатга жорий этсин;

сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашёлар, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаб қилинмайдиган юқори сифат ва назорат тизимига эга давлатлар рўйхатини тасдиқласин.

5. Белгилансинки, тариқ (ТИФ ТН кодлари 1008 21 000 0, 1008 29 000 0), қуритилган дуккакли экинлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 10 000 0), мева ва ёнғоқлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 30 900 0) экспорти учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2021 йил 7 сентябрь


Мақола муаллифи

Теглар

экспорт

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг