Эгейдаги фожиа: ўнлаб қочоқлар денгизда ҳалок бўлди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича идораси 21-24 декабрь кунлари Эгей денгизида Греция қирғоқларида содир бўлган бир қатор фожиалар ҳақида хабар берди. Бир неча ҳодиса оқибатида камида 31 муҳожир ҳалок бўлган, яна ўнлаб кишилар бедарак йўқолган. Бу ҳақда БМТ Матбуот хизмати хабар берди.

Греция қирғоқ қўриқлаш хизмати мамлакат денгиз ва ҳаво кучлари ҳамда яқин атрофдаги хусусий савдо кемалари кўмагида очиқ денгизда бўлган 160 дан ортиқ одамни қутқариб қолишга муваффақ бўлган.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Грециядаги вакили Мария-Клара Марти “хавфсиз йўллардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган умидсиз муҳожирлар ва қочқинлар ўз тақдирини ғайриинсоний контрабандачиларга ишониб топшириш” ва олдини олиш мумкин бўлган фожиалар қайта-қайта такрорланаётганидан хавотир билдирган.

“Инсон қайғуси ва умидсизликдан фойда кўрувчиларни тўхтатиш учун янада кескин чоралар кўриш керак. Сувдан ўликлар олиш одатий ҳолатга айланмаслиги керак”, дея қўшимча қилган у.

Ҳалокатларнинг биринчиси 21 декабрь куни Фолегандрос ороли яқинида содир бўлган - 13 киши қутқарилган, бироқ бортда 50 дан ортиқ муҳожир бўлган. Ҳозиргача уч нафар ҳалок бўлган мигрантнинг жасади топилган.

Иккинчи бахтсиз ҳодиса ўша ҳафта охирида содир бўлди - 11 киши ҳалок бўлди, 88 мигрант қутқарилди.

Рождествога ўтар кечаси Парос қирғоқлари яқинида 80 нафар йўловчиси бўлган яна бир қайиқ ағдарилиб кетди. Ушбу ҳодиса натижасида 17 киши, жумладан, чақалоқ ҳалок бўлди.

БМТ қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилнинг январидан ноябригача Ўрта ер денгизи орқали ва Африканинг шимоли-ғарбий соҳиллари бўйлаб денгиз йўлидан Европага етиб олишга уринган 2,5 минг киши ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ қочқин

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг