Дзюдо: Диёра Келдиёрова икки карра Осиё чемпионига айланди

Спорт

image

Бугун, 4 август Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати бошланди. Мусобақа биринчи кунги баҳслари Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун муваффақиятли келди.

-52 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Диёра Келдиёрова финалда амалдаги Жаҳон чемпиони  япониялик Аи Сисимэни тезкор иппон эвазига мағлуб этди ва мусобақанинг олтин медалини қўлга киритди.

Келдиёрова финалгача вьетнамлик Тҳуй Нгуен ва кореялик Ерин Жунгларни мағлубиятга учратган эди. Мазкур вазн тоифасидаги бронза медаллари эса Мўғулистон вакиласи Хорлодои Бишрелт ҳамда Жанубий кореялик Ерин Жунгларга насиб қилди.

Эслатиб ўтамиз, Диёра Келдиёрова жорий йилнинг 24-26-июн кунлари бўлиб ўтган Уланбатордаги “Катта Дубулға” мусобақасида ҳам чемпионликка эришган эди.

Эркаклар ўртасида -66 кг вазн тоифасида татамига чиққан Муҳриддин Тиловов мусобақанинг бронза медали соҳибига айланди.

Муҳриддин ярим финалда мўғулистонлик Басху Ёндонперенлейнга имкониятни бой берган. У 3-ўрин учун кечган баҳсда бошқа бир Мўғулистон вакили Эрхембаяр Баттогтохга қарши кураш олиб бориб, олтин очко учун кечган қўшимча бўлимдаги вазари баҳоси эвазига бронза медалига сазовор бўлди.

Финал баҳсида япониялик Рёма Танакани мағлуб этган Басху Ёндонперенлейн эса Осиё чемпионлигини тантана қилди. Иккинчи бронза медали эса мезбонлар вакили Гусман Киргизбаевга насиб этди.

Шунингдек, аёллар ўртасида -57 кг вазн тоифасида татамига чиққан Нилуфар Эрмаганбетова ҳам мусобақанинг бронза медали соҳибига айланди.

Нилуфар финал йўлланмаси учун кечган баҳсда хитойлик Сай Сига имкониятни бой бериб қўйган. 3-ўрин учун баҳсда мезбонлар вакиласи Севара Нишанбаевага қарши кураш олиб борди ва баҳс якунига 33 сония қолганда иппон баҳосини қўлга киритиб, мусобақанинг бронза медалига эга чиқди.

Маълумот учун, дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати 7 августга қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

дзюдо Осиё чемпионати Диёра Келдиёрова

Баҳолаганлар

100

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг