“Дўстликнинг чегараси йўқ”. Россия ва Хитой қўшма баёнот имзолади
Олам
−
04 Февраль 2022
9455Россия ва Хитой “янги даврга кираётган халқаро муносабатлар ва глобал барқарор ривожланиш тўғрисида”ги қўшма баёнотни қабул қилди. Ҳужжат Кремль сайтида чоп этилди.
Таъкидланишича, Россия ва Хитой алоҳида давлатлар томонидан бошқа давлатларга босим ўтказиш учун демократия тушунчасидан фойдаланилишига қарши.
“Томонларнинг ишончи комилки, демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқа давлатларга босим ўтказиш воситаси сифатида ишлатилмаслиги керак”, дейилади ҳужжатда.
Хавфсизлик кафолатлари
Хитой Россия томонидан Европада хавфсизлик кафолатларини шакллантириш бўйича илгари сурилган таклифларга тушуниш билан ёндашади ва қўллаб-қувватлайди.
“Хитой томони Россия Федерацияси томонидан Европада узоқ муддатли қонуний мажбурий хавфсизлик кафолатларини шакллантириш бўйича илгари сурилган таклифларга тушуниш билан ёндашади ва қўллаб-қувватлайди”, дейилади ҳужжатда.
Москва ва Пекин, шунингдек, мафкуравий асосда бўлиниш чегараларини чизиш ва махсус иттифоқлар тузишга уринишлар демократия тамойилларига тўғри келмаслигига ишонч ҳосил қилади.
“Томонларнинг қайд этишича, демократик тамойиллар нафақат ички бошқарув, балки жаҳон миқёсида ҳам амалга оширилмоқда. Айрим давлатларнинг бошқа мамлакатларга ўз “демократик стандартлари”ни татбиқ этишга, демократия мезонларига мувофиқлик даражасини баҳолаш бўйича монополия ҳуқуқини ўзларига мослаштиришга, мафкуравий асослар бўйича, шу жумладан, тор форматдаги стандартларни яратиш йўли билан ажратишга уринишлари, булар аслида демократияни оёқ ости қилиш, унинг руҳи ва ҳақиқий қадриятларидан четга чиқиш намунасидир”, дейилади қўшма баёнотда.
Москва ва Пекиннинг фикрича, “гегемон сифатида ҳаракат қилишга бўлган бундай уринишлар глобал ва минтақавий тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солади ҳамда жаҳон тартиби барқарорлигига путур етказади”.
Россия ва Хитой ўртасидаги дўстлик
Ҳужжатда таъкидланишича, Россия ва Хитой ўртасидаги дўстликнинг чегараси йўқ, ҳамкорликда “тақиқланган ҳудудлар” мавжуд эмас, икки томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш учинчи давлатларга қарши қаратилмаган.
“Икки давлат ўртасидаги дўстликнинг чегараси йўқ, ҳамкорликда тақиқланган зоналар йўқ, икки томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш учинчи давлатларга қарши қаратилган эмас, у ўзгарувчан халқаро муҳит ва учинчи мамлакатлардаги вазият ўзгаришлари таъсирида эмас”, дейилади ҳужжатда.
Москва ва Пекин “улар жаҳон кучлари ўртасида ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган янги турдаги муносабатларни шакллантириш тарафдори” эканини таъкидлаган.
Аввалроқ, Россия ва Хитой раҳбарлари Владимир Путин ва Си Цзиньпин музокараларни бошлагани ҳақида хабар бергандик.
Хитойда сафарда бўлиб турган Россия Федерацияси Президенти музокаралардан сўнг Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этишни режалаштирган.