“Душманлар куйиб ўлсин”. Шимолий Корея тактик ядровий зарба бериш машқларини ўтказди
Олам
−
04 Сентябрь 2023
12804Шимолий Корея “душманларини мамлакат ядровий урушга тайёрлигидан огоҳлантириш” мақсадида иккита узоқ масофага учувчи қанотли ракеталар ёрдамида симуляция қилинган тактик ядровий зарба берди. Бу ҳақда KCNA давлат ахборот агентлиги маълумотларига таяниб “Reuters” хабар берди.
KCNA’га кўра, машғулотлар муваффақиятли бўлган, иккита қанотли ракета Корея ярим оролининг Ғарбий денгизига қараб, сохта ядро каллакларини олиб борган ва 150 метр баландликда 1500 километр масофага учган.
Пхеньян, шунингдек, АҚШ ва Жанубий Кореяга қарши ҳарбий тўхтатувчи кучини янада оширишига шама қилган.
Шунингдек, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин денгиз двигателлари ишлаб чиқарадиган Пукчжун машинасозлик мажмуаси ва ўқ-дорилар заводига ташриф буюриб, Пхеньян ҳарбий-денгиз кучларини мустаҳкамлаш муҳимлигини айтиб ўтди.
“У Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг бўлажак пленуми комплексни муҳим модернизация қилиш ва кемасозлик саноатини ривожлантириш йўналишини белгилашини тасдиқлади”, дейилади бу ҳақдаги хабарда.
Маълумот ўрнида, ракетанинг сўнгги синови Жанубий Корея ва Қўшма Штатларнинг В-1В бомбардимончи самолётлари иштирокидаги йиллик қўшма машғулотлари пайшанба куни якунланганидан сўнг амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея Сариқ денгизга бир нечта қанотли ракеталарини учирган эди.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси